Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни номзоднинг Сирдарё вилояти бўйича ишончли вакили Покиза Аҳмеджонова очди.  Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Сирдарё вилоятида амалга оширилган кенг кўламли ва халқчил ислоҳотлар аҳолининг барча қатламларини қамраб олгани, бунинг натижалари кундалик ҳаётда яққол сезилаётгани таъкидланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Номзод дастлаб келгуси етти йилда вилоятда транспорт соҳасини ривожлантиришга оид режалари ҳақида тўхталди.

– Сирдарё вилоятида жамоат транспорти қатновларини кўпайтириш учун 160 та янги автобус олиб келинади, замонавий лойиҳалар асосида 60 та бекат қурилади. Булар орқали сирдарёлик 600 мингдан зиёд одамнинг узоғи яқин бўлади. Бундан ташқари, “Тошкент – Ховос” йўналишида 35 йил аввал сотиб олинган электропоездларни янгилаймиз. Бунинг учун 20 миллион доллар эвазига замонавий электропоездлар олиб келамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сайловолди дастурида вилоятда электр энергияси таъминотини янада яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

– Албатта, келгуси йилларда яратиладиган янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳисобига вилоятда электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошади. Бу борада ўтган йили Туркиянинг “Cengiz enerji” компанияси билан 150 миллион доллар инвестиция эвазига Ховосда 220 Мегаваттли буғ-газ  электр станцияси ишга туширилди.

Шу йилнинг ўзида Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида Саудия Арабистонининг “Acwa power” компанияси томонидан 1 миллиард 100 миллион доллар сармоя ҳисобига яна 1,5 минг Мегаваттли иссиқлик электр станцияси фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, келгуси икки йилда Франция, Япония ва Қатар компаниялари консорциуми томонидан 1 миллиард 100 миллион доллар инвестиция киритилиб, қўшимча 1,5 минг Мегаваттли замонавий иссиқлик электр станцияси барпо этилади, – деди номзод.

Шавкат Мирзиёев сирдарёлик сайловчилар билан учрашувда Ўзбекистонда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, мутахассислар тайёрлаш сифатини яхшилаш борасидаги режаларини ҳам маълум қилди.

– Педагогика йўналишидаги олийгоҳларни алоҳида ёндашув асосида ривожлантирамиз. Келгуси ўқув йилидан бакалавр педагог кадрлар тайёрлашни тўлиқ давлат грантига ўтказамиз. Магистратурада эса квоталар икки карра оширилиб, тўлиқ давлат ҳисобидан бўлади. Кадрлар етишмайдиган, таълим сифати оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмаси жорий қилинади. Бунда, буюртма асосида ўқишни тамомлаган ёшларга ушбу мактабларда бориб ишлашлари учун жозибадор рағбатлантириш тизимини йўлга қўямиз. Пировардида, 2030 йилга бориб боғча тарбиячиси ҳам, мактаб ўқитувчиси ҳам фақат ва фақат олий маълумотли бўлади, – деди номзод.

Шавкат Мирзиёев ёшларни талабаликка қабул қилиш тизимини ўзгартиришга оид режалари ҳақида тўхталиб ўтди.

– Энди ёшларимизнинг мактабда ўқиган баҳоларини ҳам инобатга олиш амалиётини йўлга қўямиз. Келгуси йилдан абитуриентлар 3 та асосий ва 2 та қўшимча фанни танлаб, тест синовларидан ўтади ва унинг натижаларига қараб олийгоҳ, таълим йўналиши ва таълим шаклини танлаш имкониятига эга бўлади.

Хабарингиз бор, хорижий тиллардан халқаро сертификати бор абитуриентларга чет тили бўйича имтиҳон топширмаслик имтиёзини берган эдик. Энди бу имтиёзни математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича халқаро тан олинган сертификати бор ёшларга ҳам татбиқ этамиз, – деди номзод.

Бундан ташқари, давлат грантлари билан бир қаторда иш берувчилар ва олийгоҳлар томонидан грантлар бериш амалиёти йўлга қўйилиши айтилди.

– Мисол учун, йилига 100 миллиард сўм “оборот” қилаётган корхона ўзига зарур 30 нафар ёш мутахассис учун грант ажратса, йилига ўртача 300 миллион сўм харажат қилади. Фаолият турига қараб, корхоналар ушбу харажати доирасида 30-35 миллион сўм солиқ тўлаши керак. Энди корхоналар ва олийгоҳларнинг ушбу мақсадларга йўналтирган маблағлари солиқ базасига киритилмайди. Шунда иш берувчилар ўртасида иқтидорли ёшларни жалб қилишга кураш, олийгоҳларда сифат учун рақобат кучаяди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳар йили 5 минг нафар профессор-ўқитувчилар тажриба алмашиш учун хорижга юборилиши маълум қилинди. Ушбу мақсад учун 2030 йилга қадар 50 миллион доллар йўналтириш режалаштирилмоқда.

– Шунингдек, ҳар йили 200 нафар ёш олимларимизни кейинчалик олийгоҳларга қайтиб дарс бериш шарти билан, хорижий илмий ташкилотларда диссертация ёқлашга жўнатамиз. Олийгоҳларнинг Илмий кенгашларига дунёнинг нуфузли олийгоҳларидан етакчи профессорларни жалб қилиш вақти келди, – деди номзод.

Номзод профессор-ўқитувчилар ўқув юкламаси 25 фоизга қисқартирилиши, лекин иш ҳақи камайтирилмаслиги режалаштирилаётганиниайтди.

– Профессор-ўқитувчилар шароитларини янада яхшилаш бўйича ислоҳотларни давом эттирамиз. Масалан, бугунги кунда оддий ассистент ўқитувчининг йиллик ўртача ўқув юкламаси 1 минг соатдан ошади. Бундай кўп юклама билан ўқитувчи қачон илм қилади, қачон ўз устида ишлайди? Шу боис, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси 25 фоизга қисқартирилади ва уларнинг илмий фаолият билан шуғулланиши учун қўшимча шароитлар яратилади. Энг муҳими, бунда уларнинг иш ҳақи камайтирилмайди. Ўз йўналиши бўйича халқаро тан олинган касбий сертификатларга эга бўлган ўқитувчиларга қўшимча устамалар белгиланади. Шунингдек, бундай сертификати бор амалиётчиларга дарс бериш учун магистрлик дипломи талаб этилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Номзод ҳудудларимизда қурилаётган уйларнинг 25-30 фоизи профессор-ўқитувчиларга имтиёзли шартларда берилишини маълум қилди.

– Яна бир таклифим бор. Олийгоҳларда узоқ йиллар ишлаб, илмий мактаблар яратган профессор-ўқитувчилар номини шу даргоҳдаги кафедра, лаборатория, кутубхона, аудитория ва ўқув биноларига бериш амалиётини жорий қилсак, нима дейсизлар, – деди номзод.

Учрашувда партия вакиллари ва меҳмонлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА