Самандар (исмлар ўзгартилган) ўша куни эски танишлари билан учрашиб ширакайф бўлади. Тушликда бошланган зиёфат кечга яқин тугайди. Уйга келгач бироз дам олади. Кечки соат 19:00 лар чамаси унинг телефонига дўсти Шариф қўнғироқ қилади. Шариф унга бирон жойга бориб ўтиришни таклиф қилади. Иккала дўст учрашиб, Хўжайли тумани “Байтерек” МФЙ ҳудудидаги “сауна”га боришади. У ерда ҳам Самандар дўсти билан маишатни давом эттиради. Шу орада Шариф яна бир танишига қўнғироқ қилиб, ўзига чўмилиш учун “шампунь, сочиқ” каби бир-иккита нарса олиб келиб беришини сўрайди. Орадан ўн дақиқа ўтмасдан Шарифнинг таниши унинг буюртмасини олиб келади.

Бу орада Самандарнинг ҳам кайфи ошиб, ўзини бошқара олмай қолади. Буни кўрган Шариф “Сен уйингга бориб дам олгин” деб уни таксига ўтқазиб, кузатиб қўяди. Аммо Самандар таксидан тушиб қолиб, яна ўша жойга қайтиб келади. Ён-атрофга қарайди, олдида турган “Нексия-2” автомашинасига кўзи тушади. Қараса, эшиги қия очиқдек, деразалари ҳам туширилган. Худди ўзининг машинасидек Самандар автомашина эшигини очиб, рульда қолдирилган калит билан машинада уйи томон йўл олади. Эри машинада қайтиб келганини кўрган хотини ҳанг-манг, яна маст ҳолда машина ҳайдаб келган. Бу орада Шариф ва унинг таниши ташқарида ўртоғининг машинасини тополмай ҳалак. Аниқ қулфлаб кетгандим деб, машинасини йўқотиб қўйганига ишонмай излаётган Шарифнинг ўртоғи дарҳол ундан Самандар қаерда яшашини сўрайди. Шариф эса у ундай бола эмас деб, уни тинчлантиради. Кейин “102” га телефон қилиб, автомашина йўқолганлиги ва у кимдан гумон қилаётганлиги тўғрисида хабар берди. Тез орада автомашина ўғриси ҳам топилди. Самандарнинг уйига Ички ишлар бўлими ходимлари тезкор гуруҳи етиб келиб, олиб қочиб кетилган автомобилни топишди, “боқибеғам” ухлаётган Самандарни уйғотиб, ҳибсга олишди. Мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Суд ҳукми билан Самандар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Спиртли ичимлик ичиш оқибатида ёш йигит ўз хулқ-атворини идрок этолмасдан, жиноятга қўл урди. Ҳуши ўзига келганда эса, чин кўнгилдан пушаймон бўлди, афсус-надомат чекди. Аммо кеч эди…

Ибрайим Алланиязов,  

Жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман суди раиси  

ЎзА