Халқаро кўргазма доирасида таниқли ёзувчи ва шоирлар, маданият намояндалари билан учрашувлар, китоб тарғиботига доир тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон миллий павильони кўргазма иштирокчилари ва ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Кўргазма-ярмарканинг иккинчи куни Ўзбекистон миллий павильонида “Ноширлик фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши: имтиёз ва преференциялар, китоб мутолааси ва тарғиботида замонавий усуллар (“Китоб олами” маърифий мажмуаси мисолида)” мавзуида давра суҳбати, “Буюк қозоқ адиби Абай Қўнонбоев ижодий мероси” мавзусида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 2018 йилда чоп этилган “Ўлан” шеърий тўплами тақдимоти ўтказилди.
Бундан ташқари, “Корме” кўргазмалар марказининг конференциялар залида Қозоғистон томонининг буюртмасига асосан тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорининг мазмуни ва аҳамияти” мавзусида амалий мулоқот ташкил этилди.
– Ўзбекистон миллий павильони билан танишиб, мамлакатингизда китоб тарғиботи фаол олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик, – дейди “Clavis” нашриёти вакили Ирина Грибанова (Бельгия). – Турли мамлакатларда бўлганман, халқаро китоб кўргазмаларида қатнашганман. Лекин китоб тарғиботига давлат томонидан бу қадар катта эътибор бериладиган мамлакатни кўрмаганман. Нашриётимиз болалар адабиётини чоп этишга ихтисослашган. Келгусида мамлакатингиздаги шундай нашриётлар билан ҳамкорлик қилишни режалаштирдик.