Соғлиқни сақлаш соҳасининг ривожи давлат ва жамият тараққиёти, халқ ҳаётининг фаровонлигида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис тизимдаги янгиланишларни, аввало одамлар ўзида ҳис қилиши, ҳаёти ва саломатлигидаги ижобий ўзгаришларда кўриши зарур. Мамлакатимизда ҳар доим бу соҳага катта эътибор қаратиб келинади.

Ўтган етти йил мобайнида тизимдаги энг катта ўзгаришлардан бири, бу — давлат шифохоналари билан бирга хусусий тиббиётнинг ривожланиши бўлди. Авваллари хусусий тиббиёт фақат стоматология хизматлари билан чекланган эди, ҳозирда эса хусусий клиникалар деярли барча йўналишларда фаолият юритиб келмоқда.

Жумладан, Давлат раҳбарининг тегишли қарорлари билан хусусий тиббиёт ташкилотларига 129 та тиббий ихтисослик бўйича лицензия олишларига имконият берилди, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклигининг ҳуқуқий асослари яратилди, айниқса, чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтириш, аҳолининг юқори технологик тиббий хизматлар ва ускуналардан фойдаланиш имкониятларини оширишда нодавлат сектор иштирокини рағбатлантириш белгиланди, хусусий тиббиёт муассасаларида трансплантология каби мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишга рухсат берилди, “Ҳамширалик иши” ва “Мобил тиббиёт”ни ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратилди.

Натижада хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 3 мингдан 8,5 мингга, хусусий тиббиёт ташкилотларининг ихтисослиги бўйича бериладиган лицензиялар тури 50 тадан 129 тага, маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури 2 644 тадан 3 600 тага, шундан дори воситалари тури 2556 тадан 3 096 тага, тиббий буюмлар тури 49 тадан 419 тага, тиббий техника маҳсулотлари тури 29 тадан 85 тага етказилди.

Жорий йилнинг 5 июль куни “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида бўлиб ўтган форумда соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов мазкур йўналишдаги ислоҳотлар келгусида ҳам жадал давом эттирилиши борасида алоҳида тўхталиб ўтди.

А.Иноятов ўз маърузасида давлат тиббиёт ташкилотларининг вазифаларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги, хусусий секторнинг тиббий хизматлардаги улушини ҳозирги 20 фоиздан 2025 йилга бориб 35 фоизга, 2030 йилда эса 60 фоизга

етказиш ҳамда кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми доирасида тиббий хизматларни хусусий сектордан сотиб олишни йўлга қўйиш режалаштирилганини таъкидлаб ўтди.

Шу ўринда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда нега хусусий тиббиётга таяниш керак, деган савол туғилиши табиий.

Бунга сабаб, тизимга хусусий секторнинг кириб келиши соғлом рақобат муҳитини яратади, тиббий хизмат сифатини оширади ҳамда давлат муассасаларида иш юкламасини камайтириш орқали бюджет маблағларининг тежалишига олиб келади.

Яратилган имкониятлар натижасида хусусий тиббиёт муассасалари сонининг кўпайиши билан бир қаторда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада кўтарилиши, рақобатнинг шаклланиши натижасида юқори тиббиёт технологияларидан фойдаланиш кўламининг ошиши, шунингдек нархларнинг арзонлашишига туртки бўлади.

Хулоса қиладиган бўлсак, мамлакат тиббиётининг келажаги хусусий секторнинг ривожи билан бевосита боғлиқ, шу боис, соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.

Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 18 март куни тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқоти чоғида таъкидлаганидек, “Хусусий клиникалардаги шароит ва кўрсатилаётган хизматлар сифати давлат шифохоналаридан анча олдинда ва бундан фақат хурсанд бўлишимиз керак”.

 

Жамшид ШАРИПОВ,  

“Тараққиёт стратегияси”  

маркази бўлим бошлиғи