Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги илм-фан ва инновация борасидаги нуфузини ошириш, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини янада юксалтириш мақсадида Янги Ўзбекистон университетида жорий йилнинг 3 – 6-июль кунлари “International Conference on Information Science, Computer and Applications” (ICISCA 2023) халқаро илмий конференцияси ўтказилди.
Ушбу нуфузли тадбирга дунёнинг кўплаб хорижий тадқиқотчи-олимлари, жумладан AҚШ, Канада, Норвегия, Жанубий Корея, Хитой, Исроил, Канада, Германия, Ҳиндистон, Малайзия каби 40 дан ортиқ давлатлардан чет эллик иштирокчилар ташриф буюришди. Бундан ташқари, мазкур халқаро илмий конференцияга юртимизда илм-фан аҳли орасида ҳам катта қизиқиш уйғониб, ахборот технологияларига қизиқувчи 100 дан ортиқ маҳаллий тадқиқотчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этишди.
Бу каби халқаро йиғинлар тадқиқотчи олим, ҳамда ушбу соҳага қизиқувчи барча илм-фан вакилларига ахборот технологиялари соҳасидаги янгиликлар билан ўртоқлашиш, тажриба алмашиш, шунингдек, юқори тажрибага эга мутахассислар билан суҳбатлашиб, улар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун қулай имконият сифатида хизмат қилади.
Ў.Алимов, Д.Ёқубов (видео), ЎзА