Пойтахтимизда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими трансформацияси ва замонавий тиббиёт тизими ривожига бағишлаб ўтказилган халқаро тадбир муҳокамаларга бой бўлди. Унда жаҳоннинг қатор давлатларидан келган тиббиёт соҳаси бўйича етакчи экспертлар, хусусан, халқаро ташкилотлар, нуфузли клиникалар, дунё рейтингида етакчи ўринда турган олий ўқув юртлари вакиллари иштирок этди.

— Сўнгги 6-7 йилда Ўзбекистонда барча соҳалар, жумладан, соғлиқни сақлаш тизими тубдан ривожланмоқда, — дейди Озарбайжон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйрак трансплантацияси бўйича бош мутахассиси Рашад Шолан. — Хусусан, юртингизда кўплаб тиббий марказлар очилди, юқори технологик тиббий хизматлар аҳолига кўрсатила бошланди. Ассоциациямиз Ўзбекистон билан 2 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. Ушбу қисқа вақт давомида буйрак трансплантацияси бўйича кўплаб мутахассисларни биргаликда тайёрладик. Масалан, 2022 йилнинг охирида 8 нафар ўзбекистонлик шифокор марказимизда малака оширди. Ҳозир Наманган вилоятида буйрак трансплантациясига ихтисослашган янги марказ ташкил этиш режалаштириляпти. Бугунги анжуман ушбу соҳадаги долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА