“Телеграм” мессенжерининг “ANTIKORRUPSIYA” каналида жорий йилнинг 1-июнь куни Элликқалъа туманида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида 2019 йилда ажратилган кредит маблағлари талон-тарож қилиниб, қурилиш ишлари бугунги кунгача якунланмаганлиги ҳақида пост эълон қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси расмий муносабат билдирди.

2023 йил март ойида Департаментнинг Элликқалъа тумани бўлими томонидан “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида ажратилган кредитларнинг қонунийлигини ўрганиш мақсадида терговга қадар текширув ўтказилган. 2019 йилда АТ Халқ банки Элликқалъа филиали томонидан “Тупроққалъа тур” МЧЖга юқоридаги давлат дастури доирасида “Экотуризм маскани” ташкил қилиш мақсадида 1 миллиард 850 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Ушбу кредит “Экотуризм маскани” ни қуриш учун ҳақиқатда ишлатилганлиги назоратдан ўтказилганда, ажратилган кредит маблағлари тўлиқ ушбу объектнинг қурилиши учун сарфланганлиги аниқланган. Шу билан бирга, тадбиркор шахсий маблағи ҳисобидан қўшимча 5,5 миллиард сўмлик қурилиш ишларини бажарган. Бугунги кунда ушбу объектнинг қурилиши учун жами 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

Терговга қадар текширув натижасига кўра, имтиёзли кредитнинг мақсадсиз ишлатилганлиги ҳолати аниқланмаганлиги боис, 2023 йил 18 июлда Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Ушбу қарорнинг қонунийлиги ўрганилганида, бекор қилиш учун асослар аниқланмади.

Бироқ, тадбиркор барча маблағларини юқоридаги қурилиш объектига сарфлаб, ажратилган кредитни ўз вақтида қайтармаганлиги сабабли, АТ Халқ банки Элликқалъа филиали томонидан Беруний туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритган. Суднинг 2022 йил 17 июндаги қарорига кўра, қарздор “Тупроққалъа тур” МЧЖдан банк фойдасига 1 миллиард 907 миллион сўм ундириш белгиланган. Ҳозирда Мажбурий ижро бюроси Элликқалъа туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири