“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат”. Жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини тортган мазкур нуфузли халқаро анжуманда дунёнинг қарийб барча қитъасидан 450 дан зиёд экспертлар иштирок этмоқда.

Бугун, 5 июль Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги доирасида ташкил этилаётган анжуманларнинг навбатдаги, иккинчи куни ниҳоясига етди.

Дастлаб “Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. Тадбирнинг биринчи қисмида “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳқам пойдевори”, иккинчи қисмида эса “Инсон капитали: глобал муаммолар ва ривожланиш тенденциялари” мавзусига бағишланган панел мунозаралар бўлиб ўтди.

Шундан сўнг “Янги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг трансформацияси, замонавий тиббиёт тизимини ривожи: глобал ва миллий тенденсиялар” мавзусида маъруза, савол-жавоб шаклида суҳбат ўтказилди, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар хабари етказилди.

Навбатдаги анжуманда эса “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” лойиҳасига эътибор қаратилди. “Сифатли таълим ва инновациялар – барқарор келажак асоси” шиори остида ўтган конференция қатор сессияларга бўлинган ҳолда, хорижий экспертлар тақдимотлари, муҳокама, мунозара шаклида давом этди. “Олий таълим тизими ислоҳоти: замонавий муаммолар ва тенденциялар”, “Глобал инновация индекси – инновациявий ривожланиш ўлчовининг мезони: дунё тажрибаси” ва “Олий таълим ва инновацион таррақиёт” мавзусидаги сессиялар кетма-кет куннинг асосий воқелигига айланди.

Қайд этишимиз керак, ҳафталик ўтказилишидан асосий мақсад жонажон диёримиз тараққиёти, мисликўрилмаган ислоҳотлар хусусида жаҳон аҳлига атрофлича, ҳар бир соҳа фаолияти мисолида ахборот етказиш. “Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган қиёфаси” мавзусидаги анжуманда яшил иқтисодиёт, урбанизация, қурилишда муқобил энергия, яшил ҳудудлар ва албатта аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги адолатли ижтимоий сиёсат масалалари кўриб чиқилди.

Ҳафталикнинг навбатдаги яна бир куни муваффақиятли якунланди.

Беҳруз Худойбердиев,
Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА