Хорижий экспертлар Ўзбекистон таълим тизими тўғрисида қандай фикрда?

Ҳозиргина Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият” мавзусидаги халқаро конференция якунига етди.

Тадбирнинг биринчи қисмида “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳқам пойдевори”, иккинчи қисмида эса “Инсон капитали: глобал муаммолар ва ривожланиш тенденциялари” мавзусига бағишланган панел мунозаралар ташкил этилди.

ЎзА мухбири сессияларда иштирок этган халқаро экаспертларнинг мамлакатимизда бир-бири билан чамбарчас боғланган таълим соҳасида – мактабгача таълим, мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича беқиёс ўзгаришлар амалга оширилаётгани тўғрисида билдирган фикрларини ёзиб олди.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде:

– Ўзбекистон бугун тарих чорраҳасида, таълим ривожида янги марраларни забт этишга интилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати халқнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлиги учун сифатли таълим муҳимлигини англаган ҳолда, соҳада ислоҳотлар амалга ошириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Бу ислоҳотлар халқаро ташкилотларнинг мустаҳкам ҳамкорлик ва кўмагини талаб қилади ва биз бу ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз.

Таълим бўйича халқаро эксперт, 2023-2026 йилларда Ўзбекистон таълим тизимини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ишчи гуруҳи аъзоси Мэтью Голди-Скотт:

– Таълимнинг юқори даражасига эришиш учун ислоҳот ва ўзгаришларни амалга ошириш керак. Ўзбекистон бу йўналишда қатъий ҳаракат қилаётганини кўриб, хурсандман. Ўқитишнинг замонавий услубларини жорий этиш, ўқув дастурларини янгилаш, сифатли ўқув материаллари ишлаб чиқиш ва илғор технологияларни қўллаш сифатли таълимнинг ажралмас таркибий қисмидир

Ўзбекистон аллақачон таълим ва илм-фан соҳасида сезиларли ютуқларга эришди, бироқ таълим қулайлиги, ўқитиш сифатини ошириш ва барча фуқаролар учун тенг имкониятни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришимиз лозим.

Бирлашган Араб Амирликларида Миллий мактаб раҳбари ва таълим бўйича халқаро эксперт Аслан Ибрагим:

– Юртингиз мактабларида таълим сифатини ошириш мақсадида маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида умумтаълим фанларидан иборат Миллий ўқув дастури яратилганидан хабардорман.

Дастурга асосан 420 номдаги янги авлод дарсликлари яратилиб, Кембридж, Клетт нашриётлари ва Герцен университети дарсликлари маҳаллийлаштирилиб, инглиз, немис ва рус тили фанларидан халқаро тан олинган 79 номдаги ўқув-методик қўлланма ва дарсликлар татбиқ этилгани ўқувчиларда янги билимларни ўзлаштиришда катта аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, илк бор халқаро баҳолаш тадқиқотлари (PIRLS, TIMSS, PISA, TALIS) ва индексларда (Инсон капитали индекси – 2020) Ўзбекистон умумтаълим муассасалари иштироки таъминланиб, халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни сўнгги йилларда яхшиланаётганини кузатишимиз мумкин.

Cаmbridge Аssеssment ташкилоти таълим хизматлари департаменти директори Стив КИНГ:

– Ўзбекистонда таълим ва тарбиянинг замонавий усуллари жорий этилган бўлиб, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари малакасини ошириш борасида ҳам ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Юртингизда, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларидан барча болалар, жумладан, имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам қулай шароит яратишга эътибор қаратилган.

Ўзбекистонда таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, таълим сифатини ошириш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлашга асосий эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, таълим олиш учун замон талабларига жавоб берадиган шарт-шароитлар яратиш устида ишланмоқда.

KEI Advanced” таълим ташкилоти директори ва ижрочи менеджери Хиромитсу Саката:

– Таълим соҳасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги JICA билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ҳам бир қанча лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Улардан бири математика фанидан мактаб ўқувчиларини билимини баҳолашга қаратилган “Япония услубидаги академик ютуқларни баҳолаш модели” лойиҳасидир.

Ушбу дастур доирасида биз 40 та умумтаълим, 10 та хусусий ва 2 та Президент мактабларининг 8-9-10-синф ўқувчилари билан 4 маротаба тест-синовларини ўтказдик ҳамда натижаларни таҳлил қилиб тегишли ташкилотларга тақдим этдик. 2021 йилдан буён олиб борилаётган лойиҳа доирасида шуни гувоҳи бўлдикки, 1-тажриба синови ва 4-тажриба синови натижалари орасида катта ўзгариш бор, айниқса, Президент мактаблари ўқувчилари натижаси бизни ҳайрон қолдирди.

Массачусетс технология институти Таълим инновация ва технологиялари департаменти директори – деканнинг биринчи ўринбосари Виджай Кумар:

– Массачусетс технология институти Янги Ўзбекистон университети билан тайёр ўқув жараёнини ташкил этиб беришга эмас, балки мутахассислар малакасини ошириш орқали энг илғор тажрибани жорий эта оладиган жамоани шакллантириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйган.

Фикримча, мактаб таълими борасида ҳам, энг аввало, инсон капиталига, жумладан, педагогларни малакасини ошириш, уларни халқаро стандартлар асосида баҳолашга катта эътибор қаратиш лозим.

Умуман олганда Ўзбекистон, айнан, шу йўлдан бормоқда. Масалан, вазирлик тизимида педагогларни баҳолашга қаратилган алоҳида тузилма, жумладан, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил этилгани гапимнинг исботи ҳисобланади.

Мюнхен техника университети “TUM International GmbH” хорижий ташкилоти бош директори Фридерика Ҳеттингер:

– Таълимда, айниқса, мактаб таълимида катта бурилиш ясаган истеъдодли ёшлар билан ишлашнинг ўзига хос модели бўлган Президент таълим муассасалари тизимига тўхталиб ўтмоқчиман.

Ушбу тизимни бошқа мактабларга жорий этилиши, Ўзбекистонни улкан муваффақиятга етаклашига ишонаман. Бу борада ўзимизнинг илғор тажрибамиз билан бўлишиб, биргаликда катта марраларни эгаллаш учун бор имкониятимизни ишга соламиз деган умиддаман.

Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА