Пойтахтимизда “Янги Ўзбeкистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган қиёфаси” деб номланган анжуман бўлиб ўтди.

Халқаро анжуманда қайд этилишича, мамлакатимиз қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган тармоқларидан бири ҳисобланади. 2020 йилда 88 триллион сўмни, 2021 йилда 108 триллион сўмни ва 2022 йилда 131 триллион сўмни ташкил этган.

–Ўзбекистон аҳолисининг сони ўсиб бориши шароитида республиканинг иқтисодий ривожланишида урбанизация тобора муҳим роль ўйнамоқда, – дейди Жанубий Кореянинг “ДЛ Э&C” компанияси вице-президенти Жанг Минсу. – Шу муносабат билан урбанизациянинг комплекс ривожланишида шаҳарларнинг, жумладан, ўрта шаҳарларнинг муҳим иқтисодий марказлар сифатида бир маромда кенгайишига аҳамият бериш лозим. Шаҳарларнинг комплекс диагностикасини ўтказиш орқали урбанизация жараёнларига тўсқинлик қилувчи муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурати бугун ҳар қачонгиданда муҳим.

Анжуманда қайд этилишича, 1991 йилдан 2016 йилгача 2000 га яқин қурилиш пудрат ташкилотлари фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 40 мингдан ошиб кетди. Урбанизация ҳисобига аҳоли сонининг ортиши, инфратузилма тармоқларидаги ҳаддан ташқари юкламалар, транспортлар ҳаракатидаги тирбандликлар, чанг, тутун шаҳарлар майдонларини кенгайтиришни, одамлар яшаши учун қулай шароитга эга яшил шаҳарлар қуришни тақозо этаётган эди. Шунингдек, анжуманда, кўп хонадонли биноларнинг кўкаламзорлаштириш майдони умумий объектнинг 25 фоизидан кам бўлмаслиги шаҳарсозлик норма ва қоидаларида қатъий белгилаб қўйилгани қайд этилди.

Бугунги кунда фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилингани таъкидланди. Шунингдек, ҳудудларда аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилмоқда. 2023 йилда 37 минг нафар аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчан энергия манбалари қурилмалари ўрнатилади.

Мамлакатимизда аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажми 1,5 баробар оширилди. Биргина 2023 йилда 90 мингта уй-жой қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Бу борада имтиёзли шартлар асосида ипотека кредитлари берилмоқда. 2023-2027 йилларга мўлжалланган республика шаҳар, шаҳарчаларнинг бош режалари ҳамда қишлоқ (овуллар) аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича дастур шакллантирилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023–2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланиб, тасдиқлаш учун киритилган.

Ушбу дастур асосида 2023-2027-йилларда 27 та шаҳарнинг бош режаларига тузатиш киритилади. 217 та шаҳарчанинг бош режалари ва 518 та қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш тарихлари ҳамда батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Биргина ўтган йили “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 413 та шароити оғир маҳалланинг бош режа схемалари ҳамда қишлоқ ва маҳаллалар марказининг архитектура қиёфасини яхшилаш бўйича лойиҳалари ишлаб чиқилди. Жараёнга илк бор хусусий лойиҳа ташкилотлари жалб қилинди. Бу каби маҳалла ва қишлоқлардаги жами 543 ижтимоий соҳа, жумладан, 143 та боғча, 265 та мактаб, 136 та тиббиёт, 1 та маданият объектларида, шу билан бирга, аҳолини ичимлик сув билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, жами 382 объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Тегишли қарорга асосан, жами 5 минг 284 маҳалладаги 6007 ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш вазифаси юкланган. Дастурга киритилган 5 минг 600 дан зиёд, яни 92 фоиз объект фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда дастур доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан ҳам қўшимча объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, умумий объектлар 6 минг 173 тани ташкил этди.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА