Тошкент давлат транспорт университетида 2023-2024 ўқув йили қабул параметрларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда университетнинг асосий кўрсатгичлари, бу йилги қабул квоталари ҳақида маълумот берилди. Таъкидланишича, 2023-2024 ўқув йили учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли учун жами 62 таълим йўналиши бўйича 2225 ўрин ажратилган.

Улардан 680 таси давлат гранти асосида, 1545 таси тўлов-контракт асосида тасдиқланган. Жумладан, битта Геодезия ва геоинформатика таълим йўналиши янги киритилган. Бундан ташқари, бакалавриатнинг сиртқи таълим шакли учун жами 875 ўрин тўлов-контракт асосида, масофавий таълим шакли учун 400 ўрин тўлов-контракт асосида ажратилган. Шунингдек, магистратурада 46 мутахассисликлар бўйича жами 262 ўрин ажратилган. Улардан 233 таси давлат гранти асосида, жумладан, 4 янги – Экология (транспорт соҳасида), Электротехник мажмуалар ва тизимлар (транспорт соҳасида), Метрология, стандартлаштириш ва сифатни бошқариш (транспорт соҳасида), Меҳнат муҳофазаси, ишлаб чиқариш ва технологик жараёнлар хавфсизлиги (транспорт соҳасида) мутахассисликлари тасдиқланган.

– 2022-2023 ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва масофавий таълим шакллари бўйича 4490 нафар абитуриентлар ўқишга қабул қилинган, – дейди қабул комиссияси масъул котиби Зокир Турсунов. – Бу тасдиқланган қабул параметрларига нисбатан қўшимча, имтиёзли ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қабул ҳисобига фоизга ортиғи билан амалга оширилган.  Абитуриентлар кириш тест синовларида университет бўйича ўртача ўтиш баллари кундузги таълим шаклининг ўзбек тили таълим йўналишларида 91,3 баллни, рус тили таълим йўналишларида 71 баллни ташкил этган. Магистратура мутахассисликларига қабул икки босқичда ёзда ва қишда амалга оширилиб жами 130 нафар талабгорлар талабалар сафига қабул қилинган.

Маълумот учун, Тошкент давлат транспорт университетида 9 факультет, 41 кафедра бўлиб, жами 618 нафар профессор-ўқитувчилар дарс беради. Илмий салоҳият 45 фоизни ташкил этади. Бугунги кунда университетда 10517 нафар бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича, 8269 нафар бакалавриатнинг сиртқи таълим шакли бўйича, 357 нафар бакалавриатнинг масофавий таълим шакли бўйича, 268 нафар бакалавриатнинг қўшма таълим шакли бўйича ва 360 нафар магистратуранинг мутахассисликлари бўйича, жами 19771 нафар талабалар таълим олиб келмоқда. 2023 йил университетни 2906 нафар талабалар муваффақиятли тамомлади.

Нилуфар Бозорова,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА