Сўнгги йилларда мамлакатимизда қора металлар ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, сўнгги йилларда қора металлургияга ихтисослашган юзлаб янги корхоналар пайдо бўлди, уларда 45 минг киши меҳнат қилмоқда. Соҳага алоқадор корхоналар сони 450 тадан ошди.

“Ўзметкомбинат” АЖ узоқ вақт давомида Ўзбекистондаги ягона қора металлургия корхонаси бўлиб келди. Эътиборлиси, 2017 йилда мазкур тармоқда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 15,4 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 106,4 триллион сўмга етди. Айни пайтда тайёр прокат қора металлургия саноатида энг талабгир маҳсулотлардан бири бўлиб, у айниқса, ярим тайёр маҳсулотлар бозорида ўта қадрли ҳисобланади. Тайёр прокат қурилиш, машинасозлик, кимё ва озиқ-овқат саноати, мебель ишлаб чиқариш ва интерьер дизайни каби фаолият соҳаларида кенг қўлланилади, шунингдек, у металл конструкциялар ва рамкалар яратиш учун ҳам ишлатилади.

Мамлакатимиз металлурглари ушбу турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришда салмоқли ютуқларга эришди. Хусусан, 2017-2022 йилларда Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳажми 744,2 минг тоннадан 1171,6 минг тоннага ошиб, 57,4 фоизга ўсди. Бундан ташқари, тармоқ бошқа товар позициялари бўйича ҳам ижобий ўсишни кўрсатмоқда. Масалан, шу даврда букилган профиль ишлаб чиқариш 18,6 минг тоннадан 251,3 минг тоннагача, яъни 13,5 баравар ўсди.

Шунингдек, турли турдаги пўлат қувурлар 2017 йилда 177,8 минг тонна ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати 2 баравардан зиёд ошиб, ҳажми 372 минг тоннани ташкил этди. Шу билан бирга, цистерна ва бошқа пўлат контейнерлар ишлаб чиқариш 11 бараварга кўпайиб, 2017-2022 йилларда 23,5 минг тоннадан 262 минг тоннага етди.

Халқаро қора металлардан тайёрланган маҳсулотлар бозоридаги юқори рақобат муҳити шароитида мамлакатимиз металлурглари экспорт ҳажмини ошириш борасида катта ютуқларга эришди. Ҳисобот даврида маҳсулотга бўлган улкан ички талабни қондириш билан бир қаторда экспорт ҳажми 40 фоиздан ортиққа ўсиб, 152,8 миллион доллардан 215,1 миллион долларга етди.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА