Бу ҳақда “Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият” мавзусидаги халқаро конференция доирасида ўтказилган “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳқам пойдевори” сессиялар туркумида маълум қилинди.

Анжуманнинг иккинчи қисмида “Инсон капитали: глобал муаммолар ва ривожланиш тенденциялари” мавзусига бағишланган панел мунозарада таълим тизимини автоматлаштириш, маълумотлар алмашинувини электрон шаклга ўтказиш ҳамда тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида йигирмадан зиёд ахборот тизимлари жорий қилингани қайд этилди.

Масалан, Erp.maktab.uz – халқ таълими тизимини бошқаришнинг Ягона электрон тизим дастурий мажмуаси ишлаб чиқилди, амалиётга босқичма-босқич жорий этиляпти. Ушбу дастурий мажмуа 13 дан зиёд ташқи маълумотлар базаси билан интеграция қилинган.

Шунингдек, онлайн қабул тизими – qabul.maktab.uz ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳрида ҳамда вилоятлар марказларидаги мактаблардан жами 37 минг 190 нафар 1-синф ўқувчилар хужжатлари онлайн тарзда қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 январдаги 44-сон қарори билан “Электрон шаҳодатнома”нинг давлат намунаси ва уни битирувчиларга бериш тартиби тасдиқланди. Электрон шаҳодатнома платформаси ҳисобланган attestat.uzedu.uz ушбу йўналишда дастгоҳ. Халқ таълими тизимидаги мактаб битирувчилари тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштириш мақсадида “Аттестат” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилди. Бугунги кунда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами билан боғланган ҳолда 1,7 миллион битирувчининг шаҳодатномалари рақамлаштирилган.

Бундан ташқари, умумтаълим мактабларида ягона “Электрон таълим” тармоғи жорий этилиши бошланди. “Электрон таълим” тармоғи учун 454 та электрон контентлар ишлаб чиқилган.

Мактабгача таълим тизимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан келишилган режага мувофиқ республикадаги 99 фоиз давлат мактабгача таълим ташкилоти интернет билан таъминланган.

Шунингдек, ўн мингдан зиёд умумталим мактаблари ва “Баркамол авлод” болалар мактабларининг компьютер синф хоналарига локал тармоқ ҳамда ўқитувчилар хонасига Wi-Fi қурилмалар ўрнатилган.

Анжуман якунида Янги Ўзбекистонда таълим ва тиббиёт тизими трансформациясига бағишланган видеоролик намойиш қилинди.

 

Беҳруз Худойбердиев,

Носиржон Ҳайдаров (сурат),

ЎзА