Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасидаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон тажрибаси” номли форум қизғин руҳда ўтмоқда. Унда хорижлик иштирокчилар аёллар манфаатлари борасидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Энси Хазали, Эрон Ислом Республикасининг аёллар ва оила ишлари бўйича вице-президенти:  

– Аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шароитлар яратиш масаласи Ўзбекистонда биринчи ўринга қўйилган. Аслида ҳар бир жамиятда аёлларга эътибор қаратиш устувор масала бўлмоғи керак. Бу мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг салоҳиятини юксалтириш, уларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича кўплаб ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон томони билан аёллар иштирокида  IT соҳасини ривожлантириш, коррупция, гиёҳвандликка қарши кураш бўйича ҳамкорлик қилишни таклиф этмоқчиман.

Афнан Ал-Шуйби, Ислом ҳамкорлик ташкилоти таркибидаги Аёлларни ривожлантириш ташкилоти ижрочи директори:  

– Биз бундай нуфузли форумда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Аёллар фаоллигини ошириш бўйича кейинги йилларда Ўзбекистонда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Мен Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларни алоҳида эътироф этган бўлардим. Аёлларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда муайян тизим яратиш муҳим, деб ўйлайман.

Садоқат Гаҳрамонова, Озарбайжон Республикасининг Оила, аёллар ва болалар давлат қўмитаси раиси ўринбосари:  

– Ҳар гал Ўзбекистонга келганимда оила, аёллар, маҳалла ҳаётига оид ибратли жиҳатларга гувоҳ бўламан. Мен 44 йилдан бери раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатиб келаман. Тўрт нафар фарзандим бор. Ўз тажрибамдан шунга ишонч ҳосил қилганманки, аёллар иш жойига келгач ҳам барибир оиладаги муаммолар, ўзлари дуч келаётган ижтимоий муаммолар ҳақида бош қотираверади. Шу сабаб аёлларнинг касбий ривожлантиришда уларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этиш муҳим аҳамият касб этади. Озарбайжонда ҳам ёлғиз, эҳтиёжманд аёлларни иқтисодий оёққа турғазиш мақсадида бизнес семинарлар доимий ўтказиб келинади.

Ридван Дюран, Туркиянинг Оила ва ижтимоий хизматлар ишлари бўйича вазири ўринбосари:  

– Оила ва аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликни давом эттириш керак, деб ўйлайман. Шундагина мавжуд муаммолар ижобий ҳал этилади. Сир эмаски, бугун аёллар билан боғлиқ муаммолар етарли. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эса уларни ҳамжиҳатликда бартараф этиш имконини беради.

 

Назокат Усмонова,  

Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА