Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 5 июль куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни номзоднинг Тошкент шаҳри бўйича ишончли вакили Рустам Калонов очди.  Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида азим пойтахтимизда ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилгани, Тошкент илм-фан маркази ва мегаполисга айланаётгани, ҳар томонлама ривожланаётгани таъкидланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Номзод дастлаб келгуси етти йилда пойтахтни “яшиллаштиришга” оид режалари ҳақида тўхталди.

– Бугунги кунда пойтахтимизда яшил майдонлар 900 гектарни ташкил қилади. Келгуси етти йилда бу ҳудудни 5 баробар кўпайтириб, 5 минг гектарга етказамиз. Бунинг учун  шаҳар бўйлаб ҳар йили камида 1 миллион дона манзарали, мевали кўчатлар ва қаламчалар экилади; ҳар бир маҳаллада 1 мингтадан дарахт кўчатлари экиш ишлари давом эттирилади; Яшнобод, Янгиҳаёт, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманларида 4 минг гектар майдонда яшил ва “тематик” боғлар барпо қилинади.

Бундан ташқари, шаҳар бўйлаб 100 километр велосипед йўлаклари, 32 та сайилгоҳ, 30 та яшил ҳудуд ва хиёбонлар барпо қилинади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Янги Тошкент ҳудудидаги 50 гектар майдонда йирик “Аквапарк” қурилиши, ушбу мақсад учун 200 миллион доллар маблағ ажратилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, номзоднинг таъкидлашича, Янги Тошкент ҳудудида умумий майдони 35 гектар бўлган сунъий кўл ташкил қилиниб, одамларимизнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилади.

Тошкент шаҳрида дизель ёқилғисида ҳаракатланадиган автобуслар хизматидан бутунлай воз кечилиши айтилди.

– Пойтахтда экологик барқарорликни таъминлаш, уни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш ишларини жадаллаштирамиз. Шу боис 2030 йилга қадар ҳавога чиқариладиган зарарли газлар миқдорини 150 минг тонна ёки 50 фоизга қисқартирамиз. Жумладан, қўшимча 1 минг 200 та электробус олиб келинади ва уларнинг жамоат транспортидаги улуши 50 фоизга етказилади.

Қолган автобуслар зарарли чиқиндиси уч баробар кам бўлган табиий газ ёқилғисига ўтказилади. Яъни, дизель ёқилғисида ҳаракатланадиган бирорта автобус қолмайди, – деди номзод.

Шавкат Мирзиёев Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги оқова сувлар билан боғлиқ экологик ҳолатни яхшилашга оид режалари ҳақида ҳам тўхталди.

– Хабарим бор, сўнгги йилларда Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги оқова сувлар билан боғлиқ экологик ҳолат аҳолининг кўплаб ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шуни ҳисобга олиб, кунига 1,5 миллион куб метр оқова сув тозалаш қувватига эга янги замонавий иншоот барпо қилинади. Бунга Бирлашган Араб Амирликлари Абу Даби тараққиёт жамғармаси 240 миллион доллар инвестиция  киритишга тайёр, – деди номзод.

Учрашувда Дўстлик метро бекатидан “Янги Тошкент”га қадар ер усти метро ёки трамвай линияси тортилиши режалаштирилаётгани айтилди.

Хусусан, йўл-транспорт бошқарувини рақамлаштириш ҳисобига “хавфсиз ва равон йўл” тамойилини ҳам кенг жорий қилиш белгиланган.

Бунда, илғор хорижий тажриба асосида тирбандликни камайтириш мақсадида:

– барча чорраҳаларда (605 та) “ақлли чорраҳа” ва “ақлли светофор” бошқарув тизими амалга киритилади (ҳозир – 64 та);

– шаҳарга 5 та кириш жойида ва йўловчи оқими юқори бўлган 6 та метро бекати атрофида кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил қилинади;

– тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 12 та йўл ўтказгич қурилади, йўллар бўйида 3 минг ўринга эга замонавий паркоматлар ўрнатилади.

– Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида Дўстлик метро бекатидан “Янги Тошкент”га қадар узунлиги 15 километр бўлган, 115 минг йўловчи ташиш қувватига эга ер усти метро ёки трамвай линияси тортилади, – деди номзод.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда Швецияда Қуръони карим ёқиб юборилгани билан боғлиқ ҳолат ҳақида ўз фикрларини билдирди.

– Айни вақтда биз радикализм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишларига, турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қаршимиз. Жумладан, яқинда Швецияда содир этилган, муқаддас Қуръони каримни ёқиб юборишдек ёвуз ҳаракатларни кескин қоралаймиз.

Ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сайловолди дастурида келгуси етти йилда мамлакатимизда маданият ва санъат, кутубхона фондини қўллаб-қувватлаш, китобхонликни оммалаштиришга ҳам ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

– Ҳар йили 100 та энг яхши бадиий асар ҳамда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган 50 та бадиий китоблар яратиш учун ижодий буюртма берилиб, муаллифларга 100 миллион сўмдан қалам ҳақи тўланади. Бу китоблар 20 минг нусхадан нашр қилиниб, мактаблар ва кутубхоналарга бепул берилади. Бунга ҳар йили 200 миллиард сўм йўналтирамиз.

Шунингдек, келгуси етти йилда кутубхоналарнинг 40 миллионга яқин китоб фонди тўлиқ рақамлаштирилади ва уларнинг ягона каталоги яратилади. Умуман, 2030 йилга қадар мамлакатимиздаги барча кутубхоналар тўлиқ таъмирланади. Шу мақсадда 500 миллиард сўм ажратамиз, – деди номзод.

Мактаб кутубхоначиларининг иш ҳақи педагог ходимлар ойлигига тенглаштирилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.

– Биз маданият ва санъат соҳалари вакиллари, музей ва кутубхоналар ходимлари иш ҳақини келгуси етти йилда уч карра оширамиз.  Бунда мактаб кутубхоначиларининг иш ҳақи педагог ходимлар ойлигига тенглаштирилади.

Шунингдек, 2030 йилга қадар маданият ва санъат соҳалари вакиллари ҳамда адиблар учун янги қурилаётган уй-жой массивларидан 10 мингта хонадон имтиёзли шартларда берилади, – деди номзод.

Учрашувда партия вакиллари ва меҳмонлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА