Бугун, 5 июль куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбир доирасида куннинг биринчи қисмида “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳқам пойдевори” шиори остида панел сессия ташкил этилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигида ўтказилаётган анжуманда миллий ва хорижий экспертлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, академик ҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Тадбирда модератор – “CNN” журналисти Стивен Коул дастлаб сўзни мактабгача ва мактаб таълими вазири Хилола Умаровага берди. У нутқи аввалида ушбу нуфузли конференция аҳамияти, мақсад ва вазифаларига тўхталди. Таъкидланишича, тадбир янги Ўзбекистонда инсон капитали, унинг шаклланиши ва ривожланишида таълим-тарбия ҳамда илм-фаннинг ўрни ва ролини муҳокама қилишга бағишланади.

– Мамлакатимизда бир-бири билан чамбарчас боғланган таълим соҳасида – мактабгача таълим, мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича беқиёс ўзгаришлар амалга оширилмоқда, – деди вазир. – Бугунги йиғилишнинг асосий вазифаси – республикада инсон капиталини ривожлантириш ва таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан хорижий жамоатчиликни таништириш.

Анжуманда давлат мактабгача таълим ташкилотларида 57,6 минг нафар кам таъминланган оила фарзандлари ота-оналар тўловидан озод қилингани, иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган 73 туманда 255,7 минг нафар болага ота-оналар тўловини амалга оширишда 50 фоиз имтиёзлар берилгани маълум қилинди.

Қайд этиш керак, бугунги кунда республикамиздаги 22 та давлат олий таълим муассасаларида мактабгача таълим тизими учун педагог кадрлар тайёрланмоқда. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари замонавий 39 номдагиўқув-методик қўлланмалар ва дидактик материаллар билан таъминланган.

Халқаро конференцияда, шунингдек, соҳа мутахассислари, хорижий тузилмалар раҳбарлари диёримизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, жумладан, бола тарбиясига бўлган эътибор, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича улкан ишлар қилинаётганини юқори баҳолашди. Шунингдек, яқинда қабул қилинган янги Конституцияда ўқитувчилар ҳақ-ҳуқуқларини мустаҳкамлашга асосланган моддаларнинг киритлгани соҳа ривожи учун қўйилган энг катта қадам экани таъкидланди.

Дастурга мувофиқ, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде ҳам сўз олиб, давлат таълим тизимини ривожлантириш Ўзбекистон ҳукуматининг асосий устувор йўналишлари сифатида қабул қилинганини урғулади. У, шунингдек, тузилма ва таълим ташкилотлари, вазирликлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ҳар бир лойиҳа, ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдириди.

Айтганча, БМТнинг Халқаро болалар фонди – ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда тажриба-синов тариқасида Наманган ва Хоразм вилоятларида
саккизта мактабгача таълимнинг “Турли хил ёшдаги мактабгача таълим гуруҳлари” (ўйин гуруҳлари) муқобил шакли жорий этилган бўлиб, 400 нафар бола қамраб олинган.

Тадбирда эълон қилинган маълумотга кўра, болаларни соғлом ва хавфсиз оақатлантириш мақсадида 1172 давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг хизмати йўлга қўйилган. Ҳаттоки, яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари билан биргаликда болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари учун таомлар рецепти китоби ҳам ишлаб чиқилди.

Йиғилишда ўтган йил Тошкент шаҳрида ЮНEСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича Бутунжаҳон конференцияси ўтказилгани, якунда кейинги ўн йилда мактабгача таълим соҳасидаги устувор йўналишларни аниқлаб берувчи Тошкент декларацияси қабул қилингани эсга олинди.

Айни пайт Мюнхен техника университети “TUM International GmbH” хорижий ташкилоти бош директори Фридерика Ҳеттингер нутқ сўзламоқда.

Қисқа танаффусдан сўнг, анжуман “Инсон капитали: глобал муаммолар ва ривожланиш тенденциялари” мавзусига бағишланган панел мунозара шаклида давом этади.

Конференцияга оид қўшимча маълумотлар берилади, ЎзАни кузатиб боринг!

Беҳруз Худойбердиев,

Носиржон Ҳайдаров (сурат),

ЎзА