Мамлакатимиз спорт шарафини ёзги Осиё ўйинларида муносиб ҳимоя қилишга ҳозирлик кўраётган юртимиз оғир атлетикачилари ҳамда спорт гимнастикачилари айни кунларда Грузия давлатида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларини ўтказмоқда.

Ўзбекистон спортчиларининг “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларидаги иштирокини самарали таъминлаш мақсадида ўтказилаётган йиғин хусусида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийb Баҳром Мендибаев билан телефон орқали суҳбатлашдик.

– Ўқув-машғулот йиғини режа асосида олиб борилмоқда. Машғулотлар Грузиянинг Бакуриани шаҳри яқинидаги спорт базасида ўтказиляпти. Таркибимиз Руслан Нуриддинов, Акбар Жўраев, Достон Ёқубов, Адҳамжон Эргашев, Турсуной Жабборова каби 15 нафар спортчидан иборат.

–Терма жамоамиз аъзоларининг кайфияти қандай?  

–Кайфиятимиз кўтаринки даражада. Машғулотларни ҳар жиҳатдан юқори савияда олиб бориш учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Спортчиларнинг техник-тактик, психологик ҳолатини яхшилаш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида малакали мутахассислар жалб қилинган. Улар спортчилар билан белгиланган режа асосида иш олиб бормоқда.

–Ўқув-машғулот йиғини қачонгача давом этади?  

–Режага кўра, машғулотлар 11 августга қадар давом этади. Осиё ўйинлари ҳамда бу йилги жаҳон чемпионати ўртасидаги фарқ 10 кунни ташкил этаётгани боис ҳар икки нуфузли мусобақада қайси спортчи қатнашишини белгилашда ушбу йиғин муҳим нуқта саналади.

Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида 2-17 сентябрь кунлари бўладиган жаҳон чемпионати “Париж-2024” Олимпиадасининг рейтинг очколарини тақдим этиши билан аҳамиятли бўлса, 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари тўрт йилликнинг энг нуфузли баҳси саналади.

–Номдор спортчиларимиздан кимлар қайси мусобақада қатнашади?  

–Ҳақиқатан ҳар икки мусобақа нафақат мавсумнинг, балки йилнинг асосий тадбири ҳисобланади. Уларда керакли натижага эришиш жамоамиздан катта меҳнатни талаб этади. Шу боис, машғулотларни ҳар доимгидан ҳам бошқача тарзда ўтказиш, спортчилар жаҳон чемпионатигача ва ундан кейин бўладиган Осиё ўйинларигача ўн кунлик муддатда юқори спорт формасини ушлаб туриши лозим бўлади. Ҳозирда ўтказилаётган машғулотлар мундарижасини шунга қаратганмиз. Айнан кимлар қайси мусобақада қатнашиши борасида бирон гап айта олмайман. Барчасига Грузия йиғинидан кейин ойдинлик киритилади.

–Грузиядаги машғулотлар якунидан бир мунча ўтиб, август ойининг илк кунларида Беларусда МДҲ ўйинлари бошланади. Ўйинлар дастуридан оғир атлетика спорт тури ҳам ўрин олган. Унда Беларусь, Россия ва бошқа қатор давлатларнинг асосий таркиби қатнашиши кутилмоқда. Юртимиз оғир атлетикачиларидан Руслан Нуриддинов, Акбар Жўраев ва бошқалар МДҲ ўйинларида қатнашадими?  

–Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатига тайёрланаётган таркиб МДҲ ўйинларида иштирок этмайди. Бу дегани, Акбар ҳам Руслан ҳам Беларусь баҳсларида қатнашмайди. Вақт масаласида уларнинг МДҲ ўйинларида қатнашишга физиологик имконияти етмайди. Бу ўйинларда ўз иқтидорларини намойиш этиш учун ёшларга имкон берилади. Асосий таркибдан Достон Ёқубов ва Сарвар Зафаржонов МДҲ ўйинларида қатнашиши режамизда бор. Бироқ, ҳали бу масалада бир тўхтамга келмадик. Мураббийлар кенгаши билан маслаҳатлашув ва спортчиларнинг умумий ҳолатидан келиб чиқиб қарор қабул қиламиз.

–Ҳозирда энг оғир вазнда Акбар Жўраев ва Рустам Жангабаев “Париж-2024” Олимпиадаси учун ўтказиладиган рейтинг мусобақаларига тайёрланмоқда. Ҳар иккаласида ҳам Олимпия ўйинларининг рейтинг очколари бор. Танлов бўлса, қайси бири Париж Олимпиадасига юборилади?  

–Дарҳақиқат ҳар икки спортчимиз маълум бир рейтинг очколарни жамғаришди. Қайси бирини танлаш масаласини майдондаги баҳс ҳамда мураббийлар кенгашининг қарори белгилайди. Тўғри, жуда мураккаб масала бу. Аммо, “Париж-2024”да кўзланган натижага эришиш барчасидан ҳам устувор вазифамиздир. Ўйлайманки, Грузиядаги машғулотлар кўп нарсага ойдинлик киритади.

 

ЎзА мухбири  

Тўлқин Рўзиев  

суҳбатлашди