Қирғизистонда шахмат бўйича давом этаётган Ғарбий Осиё чемпионатининг классик йўналишида 5-тур ўйинлари ортда қолди.

Эътиборли жиҳати, ўтказилган тур якунларига кўра, терма жамоамиз аъзоларининг 16 нафари ўз ёш тоифаларида кучли бешликдан жой олиб турибди.

Ўғил болалардан Элшодбек Эсонов ўз гуруҳида етакчилик қилаётган бўлса, Сарвар Салоҳиддинов, Орият Обиджонов, Жавоҳир Бозоров, Алмас Раҳматуллаев, Иброҳим Жуманазаров, Сарвар Саидов, Абдураҳмон Ражабов кучлилар қаторида бормоқда.

Қизлар ўртасида эса ўз ёш тоифаларида Зарина Неъматжонова, Мумтозбегим Мансурова, Мафтуна Бобожонова 1-ўринда бораётган бир пайтда истеъдодли шахматчи қизларимиздан Нилуфар Имомхўжаева, Моҳинур Ҳикматжонова, Барчиной Шокиржонова, Зилола Ахтамова, Ҳуснорахон Ҳуснутдинова кучли бешликда ғолиблик учун даъвогарлик қилмоқда.

Ортда қолган 5-тур ўйинларидан кейин Ғарбий Осиё чемпионатида совринли ўринлар тақсимоти ҳам янгича кўриниш олди. Унга кўра, 4 та олтин, 1 та кумуш ва 5 та бронза, жами 10 та медалга эга Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мусобақанинг яққол етакчисига айланди. Ҳисобида 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медали бўлган Ҳиндистон жамоаси ҳамюртларимиздан кейинги 2-ўринда жойлашиб турибди. 2 та олтин, 6 та кумуш, 2 та бронза медалини қўлга киритган қозоғистонликлар 3-ўринни банд этмоқда.

Чемпионат мезбони Қирғизистон вакиллари 2 та олтин, 1 та кумуш, 4 та бронза медали билан кучли тўртликда бормоқда. Шунингдек, умумжамоада етакчиликка даъвогарлик қилаётган ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланаётган россияликлар жамғармасида 1 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медали, Шри-Ланка вакилларида 1 та олтин, Бангладеш шахматчиларида эса 1 та кумуш медал мавжуд.

Яна бир гап. Қирғизистонда ўсмир ёшлар ўртасида ўтказилаётган чемпионат мусобақаларини 30 нафардан зиёд мутахассис-ҳакамлар бошқариб бормоқда. Уларга idChessнинг VAR тизими жамоаси кўмаклашмоқда. Мусобақанинг умумий техник-тактик жиҳатларини марказлашган ҳолда йўналтиришда Халқаро шахмат федерацияси(ФИДЕ) томонидан масъул этиб Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, халқаро тоифадаги ҳакам Ҳусан Турдиалиев белгиланган. Яъни, ФИДЕ ўзбекистонлик мутахассисни чемпионат бош ҳаками сифатида эътироф этган. Бу, юртимиз шахматининг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксаклигидан далолатдир.

Бугун, 5 июль куни чемпионатнинг барча ёш тоифалари ўртасида 6-тур мусобақалари бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, классик йўналишдаги баҳслар 8 июлга қадар давом этади. Ундан кейин чемпионатнинг блиц мусобақаларига старт берилади.

Ғарбий Осиё чемпионати 10 июлда поёнига етади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА