Индонезиянинг янгидан қурилаётган пойтахти – Нусантара шаҳри маъмурияти раҳбари Бамбанг Сусантоно ва Қозоғистоннинг Остона шаҳри мэри Женис Қосимбек ўзаро англашув меморандумини имзолади. Мазкур ҳужжат икки пойтахтга “биродарлашган шаҳар” мақомини беради, деб ёзди Индонезиянинг “ANTARA” агентлиги.

Хабарда таъкидланишича, меморандум доирасида Остона пойтахт қурилиши бўйича эришган ютуқлари ва орттирган тажрибасини, Нусантара эса барқарор “яшил” шаҳар ривожланишига оид илғор тажрибани баҳам кўради. Ҳужжат имзоланиши арафасида икки раҳбар Қозоғистон пойтахти Остонанинг бунёд этилиши билан боғлиқ тажриба хусусида фикрлашган. Остона 1998 йил пойтахтга айлантирилди.

Сусантоно таъкидлашича, “Остона Индонезиянинг янги пойтахти билан ҳамкорлик ўрнатган биринчи шаҳар”. 2019 йил Индонезия Президенти Жоко Видодо Жакарта шаҳри ўта зичлашиб кетгани боис, мамлакат пойтахти Шарқий Калимантан музофотига, ўрмон ҳудудига кўчирилишини эълон қилган эди. ОАВ тарқатган маълумотга кўра, 2023 йил Жамоатчилик ишлари ва давлат турар-жойи вазирлиги мамлакатнинг янги пойтахти Нусантара шаҳри инфратузилмасини шакллантириш мақсадида 694 миллион долларлик бюджет лойиҳасини тайёрлаган.