Пойтахтимизда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикалари Энергетика вазирларининг навбатдаги уч томонлама учрашуви ўтказилди.

Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Учрашувда ушбу давлатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тобора ривожланиб, бу эса кўп қиррали ҳамкорликларнинг янада мустаҳкамланаётганига муҳим асос бўлаётгани қайд этилди.

Олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида барча соҳалар қатори энергетика соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани, гидроэнергетикадаги лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан, «Қамбарота ГЭС-1» қурилишини жадаллаштиришга келишилгани хусусида сўз борди.

Учрашувда ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш, янги электр узатиш линияларини қуриш ҳамда сув ресурсларидан унумли фойдаланиш билан боғлиқ ташкилий ва ҳуқуқий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Жорий йилда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, куз-қиш даврида энергия тизимидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, Қирғиз Республикаси Энергетика вазири Т.Ибраев ва Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири А.Саткалиев томонидан тегишли протоколлар имзоланди.

 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади.  

ЎзА