Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Бухородаги ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган “Мурувват уйи” аёллар интернатида яшаб келаётган бир гуруҳ аёллар шахсини тасдиқловчи ҳужжат олиш учун ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Аниқланишича, қарийб 35 йилдан буён ушбу муассасада истиқомат қилаётган беш нафар ногиронлиги бўлган аёлнинг  туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлмаган.

Улар 1995 йилда тиббий варақа орқали “Мурувват уйи”га қабул қилинган. Мурожаатчилар шу кунга қадар шахсини тасдиқловчи ҳужжат олиш масаласи бир неча маротаба кўтарилган бўлсада, натижа бўлмаётганини маълум қилишган.

Мазкур масала Омбудсман назоратига олиниб, унинг Бухородаги минтақавий вакили томонидан ўрганилди. Олти ойлик ўрганишлардан сўнг, ФҲДЁ органлари ушбу аёлларнинг туғилганлик фактини белгилаш учун ҳужжатлар етарли бўлмагани сабаб шахсни тасдиқловчи ҳужжат бериш масаласини кўриб чиқишни рад этди.

Шундан сўнг ногиронлиги сабаб уларнинг лаёқатсизлиги ҳисобга олиниб, Омбудсман томонидан фуқароликни белгилашни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига ариза киритилди.

Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур масала “Мурувват уйи”да сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд томонидан беш нафар фуқаро манфаатида киритилган Омбудсман аризаси тўлиқ қаноатлантирилди. Аёлларга ID карталар расмийлаштириб берилди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА