“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралар томонидан 50 дан зиёд конференция, давра суҳбати ва амалий мулоқот ташкил этилган.

“Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар: натижа ва истиқбол” мавзусидаги сессияда мамлакатимизда геология, кончилик ва металлургия соҳалари ривожи, дунё бўйлаб “яшил энергетика” сиёсати тобора долзарб аҳамият касб этиши асносида ноёб металлар, хомашё ресурслари ўзлаштирилиши, технологик ишлаб чиқариш занжири яратилиши масалалалари таҳлил қилинди.

Ҳозиргача республика ҳудудининг тоғ ва тоғолди майдонларининг 35 фоиз қисми геологик ўрганилган. Жумладан, 2017-2022 йилларда 31 000 квадрат/километр майдонда тадқиқот ўтказилган.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев соҳа ривожида бажарилган ишлар, ютуқлар ва долзарб муаммолар юзасидан фикр билдирди:

– Тоғ-кон йўналиши мамлакатимиз саноатида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Соҳада самарали давлат бошқаруви, халқаро стандартга мувофиқ хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилиши туфайли Ўзбекистон дунё бўйича олтин, мис, уран ишлаб чиқариш бўйича етакчи 10 давлат қаторида эътироф этилмоқда.

Фойдали қазилмаларнинг истиқболдаги ресурсини кўпайтириш учун 2030 йилга қадар 58 000 квадрат/километр майдонда геология-қидирув ишлари амалга оширилиб, республика ҳудудининг тоғ ва тоғлди майдонлари умумий ўрганилганлик даражаси 78,4 фоизга етказилади.

Анжуманда Германия, Франция, Туркия каби ривожланган давлатлар билан алоқа ўрнатилгани, Европа тараққиёт банки билан бирга тоғ саноати кодекси ишлаб чиқилган таъкидланди, мазкур ҳужжат ҳақида қисқача маълумот берилди.

Заминимизда электромобиллар, қайта тикланувчи энергия, жумладан, қуёш панеллари ишлаб чиқариш учун зарур моддаларга бой конлар бисёр. Бу Ўзбекистон келажакда яшил энергетикани ривожлантириш бўйича улкан салоҳиятга эга эканидан далолат.

Тадбир қатнашчилари – хорижий тузилмалар вакиллари ер қаъридан ҳамда ерости сувидан фойдаланишга оид 6 хил давлат хизмати электрон усулга ўтказилгани, рухсатномаларни электрон кўринишда расмийлаштириш йўлга қўйилгани юзасидан ижобий фикр билдирди.

Сессия мунозара, муҳокама шаклида давом этди. 2023-2030 йилларда минерал хомашё базасини бойитиш давлат дастури доирасида белгилаб олинган устувор йўналишлар санаб ўтилди. Тадбир соҳага оид видеоролик намойиши билан тугади.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА