“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида навбатдаги йирик анжуман – “Янги Ўзбекистон: қулай бизнес муҳити” мулоқот давраси бўлиб ўтди.

Тадбирда Янги Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда қулай бизнес муҳити, инвестициявий жозибадорликнинг ўрни ва роли муҳокама қилинди. Инвестиция, тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий ва ташкилий асосини такомиллаштириш, чет эллик сармоядорларни фаол жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Машҳур телебошловчи ва журналист Али Аслан бошқариб борган йиғилиш икки қисмга бўлинди: ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун кўрилган чоралар, натижалар ва тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида яратилган миллий механизм.

Маълумки, кейинги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар олиб ташланган. Натижада ишбилармонлик муҳити яхшиланган, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун имконият кенгайган.

Конференция аввалида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ислоҳотлар шароитида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва инвестиция бўйича қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича бой тажриба тўпланганини таъкидлади.

Сессия иштирокчиларига мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестиция жалб қилиш мақсадида ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш борасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Тадбиркорлар учун даромадни репатриация қилиш ва миллий валютани конвертация қилиш бўйича барча чекловлар олиб ташлангани, юзга яқин давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриш тизими жорий қилингани айтилди.

Масалан, тадбиркорликни ривожлантириш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 121 минг 731 кишига 2 триллион 894 миллиард сўм кредит ажратилган. Бизнес бошлаш истагидаги 103 мингдан зиёд хотин-қиз тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиб, улар томонидан 200 951 янги иш ўрни яратилган. 233 мингдан зиёд аёлга оилавий тадбиркорлик дастури доирасида жами 4,7 триллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилган.

Анжуман давомида инвестиция лойиҳаларини вақтида сифатли амалга ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қуввати, иш жойлари яратиш, инфратузилмани такомиллаштириш, ҳудудларни ободонлаштириш, халқ фаровонлиги даражасини ошириш бўйича ечимлар таклиф қилинди.

Хорижий иштирокчиларга лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилри тубдан такомиллаштирилгани, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёз ва преференциялар кўпайгани хусусида ахборот берилди.

Давлат хизматидан самарали фойдаланиш тартиби жорий этилди, фуқаро ва тадбиркорлардан жами 73 хил ҳужжат, маълумотнома талаб қилиш амалиёти бекор қилингани айтилди.

Қирғиз Республикаси Савдо-саноат палатаси раҳбари Темир Сариев юртимизда коронавирус пандемияси даврида туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби тармоқларни қўллаб-қувватлаш орқали барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганини юқори баҳолади.

– Ўзбекистон бугунги кунда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилашнинг сифат жиҳатидан янги босқичига чиққанини алоҳида қайд этиш керак, – деди Т.Сариев – мамлакатда инвестиция дастурлари ва лойиҳалари сифатли бажарилмоқда. Энг муҳими, соҳада қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш йўлида тизимли ишлар амалга ошириляпти.

Конференциянинг иккинчи қисми тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган миллий механизм мавзусига бағишланди.

Туркий Савдо-саноат палаталари иттифоқи бош котиби Адем Кула тадбиркорлар фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишида биргаликда саъй-ҳаракат олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

У, шунингдек, мамлакатимизда сўнгги йилларда бизнес билан шуғулланиш учун яратилаётган қулай инвестиция шароити учун туркий дунё ишбилармонлари номидан Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

Тақдимотлар давомида жаҳон тажрибасида кузатилаётган муҳим амалиётларга мурожаат қилинди. Сессия якунида ишбилармонлик мухитини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар акс этган видеоролик намойиш этилди.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.

ЎзА