Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида васийликка олинган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур муассасаларда истиқомат қилаётган болалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ҳамда маиший хизматлар кўрсатишнинг янгиланган тизимини жорий этиш орқали уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини янада кучайтиришда Президентимизнинг 2022 йил 30 августдаги “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати фаолиятини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қарор бўйича бириктирилган Давлат божхона қўмитаси томонидан тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароит яратиш, уларни ижтимоий мослаштириш ва ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар ўргатиш бўйича зарур шароитларни яратиш каби чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой “Мурувват” ногиронлар учун эркаклар интернат уйида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган инсонларни ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур муассасада Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, ўзгалар ёрдамига муҳтож 18 ёшдан юқори бўлган 264 нафар 1 ва 2 гуруҳ ногиронлари бўлган шахс истиқомат қилади. Уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган. Жумладан, ўтган йиллар мобайнида интернат уйида ҳомийлар ёрдами билан мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, бугунги кунда замон талабларига мос келадиган 225 та ўринга мўлжалланган ётоқхона, ошхона, омборхона, ҳаммом, кир ювиш хонаси қайта таъмирланди. Шунингдек, 2 қаватдан иборат махсус 50 ўринга мўлжалланган ётоқхона, тиббий бўлим, спорт майдончаси, маъмурият бинолари барпо этилди.
Интернат уйида меҳнат терапияси бўйича ёрдамчи хўжалик ва 2 гектар ер майдонига боғчилик ташкил қилинди. Шунингдек, 2 гектар ер майдонига бир йиллик полиз экинлари экилиб келинмоқда. Ҳомийларнинг ёрдами билан иссиқхона барпо этилди. Муассасада истиқомат қилувчиларнинг бўш вақтларида қўл меҳнати ва спорт билан замонавий инвентарларда шуғулланиш йўлга қўйилган.
Юртимиздаги тинчлик ва ободлик, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда миллий байрам ва қадриятларимизнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Мана шундай байрам кунларида кўмак ва ёрдамга муҳтожлар, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида васийликка олинган шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА