Статистика агентлиги ўз фаолиятини «Расмий статистика тўғрисида»ги қонун ва унга мувофиқ ишлаб чиқиладиган статистика дастурлари асосида ташкил этади. Расмий статистика соҳасида статистика кузатувларини ўтказиш, статистика маълумотларини шакллантириш ва тарқатиш ҳар йили миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Статистика ишлари дастури доирасида бажарилган ишлар ҳисоботи» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари, Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ходимлари, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Статистика дастурига мувофиқ 2023 йил январь-июнь ойларида жами 1744 та статистика иши белгиланган муддатларда ва тўлиқ ҳажмда, шундан 907 таси статистика органлари томонидан бажарилган.
Статистика агентлиги томонидан шакллантириладиган расмий статистика маълумотлари йўналишида умумий ҳисобда 748 та, жумладан:
Макроиқтисодий кўрсаткичлар ва баланслар – 254 та;
Иқтисодиёт тармоқларининг кўрсаткичлари – 310 та;
Ижтимоий соҳанинг кўрсаткичлари – 108 та;
Корхона ва ташкилотлар ягона давлат регистри – 76 та.
Услубиятларни такомиллаштириш ва соҳани мувофиқлаштириш йўналишида 111 та статистика ишлари бажарилган.
Шунингдек, 46 та халқаро саволнома бўйича очиқ статистика маълумотларининг алмашинуви таъминланган.
Шу билан бирга, бошқа вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан статистика органларига расмий статистикани тайёрлаш учун 374 та маъмурий маълумотлар тақдим этилган.
Бундан ташқари, 463 та статистика ишлари расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари томонидан ўз ваколатлари доирасида тарқатилган.
2023 йил январь-июнь ойларида халқаро ташкилотларнинг 21 та саволномалари, жумладан, БМТ Статистика бўлимининг 7 та, БМТнинг Европа иқтисодий комиссиясининг 2 та, ЮНEСКО статистика институтининг 3 та, Халқаро меҳнат ташкилотининг 1 та, Халқаро Электралоқа иттифоқининг 1 та ва бошқа халқаро ташкилотларнинг 7 та саволномаси тўлдирилиб, тақдим этилди.
Бундан ташқари, 4 та халқаро маълумотлар базасидаги, хусусан, ХВЖнинг кенгайтирилган маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими доирасида, МДҲ, “COMTRADE” ва “TRANSMONEE” маълумотлар базаларида Ўзбекистоннинг статистика кўрсаткичлари ўз вақтида янгиланди.
Жумладан, товарлар савдоси бўйича БМТнинг “COMTRADE” ахборот базасида 3 мингдан ортиқ товар турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси маълумотлари ҳар ойда янгилаб борилмоқда.
Агентлик расмий веб-сайтининг “Расмий статистика” бўлимида қатор статистика йўналишлари бўйича 400 тадан ортиқ статистика маълумотлари тўплами эълон қилинди.
Агентликнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий Telegram канали ва Facebook саҳифасида 6850 тадан, Instagram саҳифасида 270 та ва Youtube каналида 180 та янгилик эълон қилинди ва инфографика роликлари жойлаштириб борилди.
Шунингдек, 180 дан ортиқ инфографика роликлари ҳамда фаолиятга оид лавҳалар телеканалларда доимий тарзда эфирга узатиб борилган.
Расмий статистикани шакллантиришда статистика органлари томонидан жами 30 та танланма статистика кузатувлари ҳамда 98 та статистика ҳисоботларидан фойдаланилган.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА