Дарҳақиқат, биз дунёга ўз сўзини айтган ва икки буюк ренессанс даврини барпо этган халқмиз. Ўтмишнинг турли давр саҳифаларини варақлар эканмиз, аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшганига кўплаб мисоллар орқали гувоҳ бўламиз.

Эътибор қиладиган бўлсак, бу йил нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланмоқда. Аждодларимиздан қолган бой меросга асрлар оша жаҳон халқлари катта қизиқиш билдириб келмоқда. Хусусан, қомусий асар “Бобурнома”нинг итальян тилига таржимаси ҳам улуғ мақсад йўлида амалга оширилди.

ЎзА мухбири Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шуҳрат ҲАЙИТОВнинг Шарқ ва Ғарб дунёсини ақл-заковати, илм зиёси билан ҳайратга солган буюк бобокалонимиз, давлат арбоби, шоир ва олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва “Бобурнома” асари ҳақидаги фикрларига эътибор қаратди…

– Халқимизнинг улуғ фарзанди Бобур гўзал хулқ-атвор эгаси, тақво, шижоат, ҳалоллик, вафодорлик, сабр-тоқат, ҳиммат, адолат, раҳм-шафқат каби улуғ инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган бетакрор шахс бўлиб, бу хислатлар унинг ижодида ҳам яққол ифодасини топган, – дейди Ш.Ҳайитов. – Бобур дунё олимлари нигоҳида Темурий шаҳзода, буюк империя асосчиси – подшоҳ, дилбар шахс. Шунингдек, соҳиб девон шоир, тарихчи, географ, йирик назариётчи олим, адабиётшунос сифатида нозик дид, қаттиққўл танқидчи, янги ёзув кашфиётчиси ва таржимон каби қатор фазилатлар эгаси. Бундан ташқари, жаҳоний шуҳратга эга бўлган қомусий “Бобурнома” асари бунёдкори ҳамдир.

“Бобурнома”да 1494-1529 йиллар Марказий ва Кичик Осиёда, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида кечган воқеалар реал, холис баён этилган. Асар қимматини оширадиган жиҳатлардан яна бири унда бир ярим мингдан зиёд шахс номи зикр этилган бўлса, шундан етти юз нафарга яқини шоҳлар, ҳокимлар, амир-амалдорлар, дин уламолари, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳиллари, деҳқонлар, ҳунарманд ва бошқа касб эгаларидир. Бу шоҳ асарда айниқса, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳилларига катта ўрин берилгани алоҳида эътиборга молик.

Хуллас, ушбу мемуар асарнинг илм-фан соҳасидаги ўрни беназир. Жаҳонда Бобур ва унинг шоҳ асари ҳақида ўттиздан ортиқ роман, юзлаб ҳикоя ва эсселар ёзилган, яна кўплаб тарихий-илмий асарлар, докторлик диссертациялари, қатор кинофильмлар яратилган. Мазмун ва қамров жиҳатидан кенг бўлган бу ишлар бугун ҳам юқори суръатларда давом эттирилмоқда.

Дарҳақиқат, “Бобурнома” муаллифига катта шараф келтирган, дунёда ўхшаши йўқ асар. У фаннинг турли соҳаларини қамраб олувчи такрори йўқ тарихий манба. Шу боис ҳам уни дунё олимлари мана неча асрларки, катта қизиқиш ва ўзига хос қунт билан ўқиб-ўрганиб келишади. Асар шу кунга қадар йигирмадан ортиқ тилга таржима қилинган бўлиб, уларнинг ҳар бири турли йилларда қайта-қайта чоп этилган.

Бобур Мирзонинг бой адабий-илмий мероси нечоғли буюк эканлигини Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан билдириб келинаётган фикрлардан ҳам билиш мумкин. Улар Бобурнинг инсоний фазилатларини, шунингдек, йирик лашкарбоши, ҳаёт қийинчиликларидан қўрқмайдиган саркарда, илм-фан ва санъатни севадиган, ижод аҳлини қадрловчи олижаноб шахс эканини чуқур ҳурмат билан тилга олишади.

Жумладан, шотландиялик давлат арбоби ва тарихчи Маунстюарт Элфинстон (1779-1859) “Бобурнома”ни “Осиёда ягона, чинакам тарихий тасвир намунаси” деб баҳоласа, рус шарқшунос олими, Санкт-Петербург академияси академиги Василий Бартольд (1868-1903) “Туркий насрнинг мумтоз реалистик намунаси”, деб таърифлайди.

Машҳур Можор шарқшунос ва тилшунос олими Ҳерман Вамбери (1832-1913) “Бобурнома”ни Юлий Цезарь “комментарийлар”ига қиёслар экан, бу асар ундан-да кўнгилга яқинроқ эканлигини келтиради. Бундай юксак таърифу эътирофларни яна узоқ давом эттириш мумкин. “Бобурнома”нинг дунё тилларига қилинган таржималари тарихига эътибор қаратсак, бу шоҳ асарни илк бор форс тилига Шайх Зайн ўгирган бўлса, ундан сўнг Мирзо Поянда ва Муҳаммад Қули Ҳисорий (1586), Абдураҳим Хонихонон (1589), Тоғай Мурод Қарлуқ Хатлоний таржима қилган.

Вицен голланд тилига (1705), Ж.Лейден, В.Эрскин (1826), Р.М.Колдекот (1844), Ф.Толбот (1909), Л. Кинг (1921), А.Бевериж (1922), В.Текстон (1996, 2002) инглиз тилига, А.Кайзир (1828), В.Стамлер (1990) немис тилига, П.Д.Крутейл (1871), Б.Граммон (1969) француз тилига, Р.Р.Арат (1943-1946) турк тилига, М.А.Сале (1948, 1958) рус тилига, М.Носириддин (1924), Р.Ахтар Надвий (1969), Ҳасан Бек (2000) урду тилига, Ю.Навалпурий (1974) ҳиндчага, Б.Кожабеков (1990) ва И.Жеменей (2022) қозоқчага, Ҳ.Темур (1992) уйғурчага, В.Жилай (1997) хитой тилига, Э.Мано (1998) япон тилига, М.Комас (2001) испанчага, М.Махлуф (2013) араб тилига, Ш.Ёрқин (2007) форс-дарий тилига, Ф.Баятий (2009) ва Р.Аскар (2011) озарбайжон тилига таржима қилишган.

Қўлёзма факсимиле нашрларини дастлаб Қозонда Н.И.Илминский (1857) ва Лондонда Бевериж хоним (1905) нашр эттирган. Ўзбекистонда дастлаб жадид аллома Фитрат (1928) айрим парчаларини эълон қилган.

Шуни алоҳида фахр билан қайд этиш жоизки, кейинги йилларда дунёда бу бебаҳо асарга бўлган қизиқиш янада ортмоқда. Унинг янги таржима нашрлари бунёд этилиб, мавжудлари қайта чоп этилмоқда.

Масалан, ушбу муҳташам асарни ўтган йили қозоғистонлик олим Ислом Жеменей қозоқчада навбатдаги таржимасини яратиб, Олмаотадаги “Нурли олам” нашриётида чоп эттирган. Яқинда италиялик шарқшунос олим Федерико Пасторе томонидан итальян тилига илк бор таржима қилинди.

Бир сўз билан айтганда, бугун нафақат мамлакатимизда, балки жаҳоннинг кўплаб давлатларида буюк аждодларимиз меросига қаратилаётган эътибор, улардан қолган бой илмий-адабий меросни тадқиқ этиш ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Боиси бу йил нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бинобарин, “Бобурнома”нинг итальянча таржимаси ҳам ушбу хайрли ишларнинг амалдаги мантиқий давоми ва натижаси, десак, хато бўлмайди. Ушбу таржима ўзбек ва итальян халқлари ўртасидаги адабий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларининг самараси сифатида биринчи бор итальян ўқувчиларига тақдим этилмоқда.

Италиянинг тарихий илмий-оммабоп адабиётларга ихтисослашган “Сандро Тети Эдиторе” нашриёт уйида юқори полиграфик сифатда чоп этилган “Бобурнома” таржимаси Президентимизнинг кириш сўзи ҳамда тарихчи, атоқли итальян олими ва адиби Франко Кардини сўзбошиси билан бошланади (3-9 бет).

Ундан сўнг таржимада (асосий матн) I бўлим – Фарғона воқеалари (13-132 бет), II – Кобул воқеалари (135-280 бет), III бўлим – Ҳиндистон воқеалари (283-449 бет) Луғат (442-445 бет) ҳамда таржима хусусиятлари муаллиф эслатмаси – сўнгсўзи (446-447 бет) ўрин олган.

Биринчи саҳифасида Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиев томонидан чизилган Бобур портрети акс этган.

Асарни итальян тилида чоп этиш жараёнларига мазкур нашриёт раҳбари Сандро Тети бошчилигидаги малакали таржимонлар, муҳаррирлар ва дизайнерларнинг катта гуруҳи жалб этилган. Китобни тайёрлашда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ва италиялик таниқли турколог, профессор Федерико Де Ренси илмий ва адабий муҳаррир сифатида иштирок этган.

Италияликлар ўрта аср охири, ренессанс вакили Никколо Макявеллининг “Давлат тўғрисида” номли рисоласини замонавий сиёсатни ўқитишда муҳим қўлланма сифатида қадрлайди. Ўйлаймизки, энди мана шу асар ёнига “Бобурнома” ҳам эъзозланиб ўқиб ўрганилади. Сабаби, унда Темурийлар даври маданияти, давлатчилиги тўғрисида муҳим маълумотлар бор. Зеро, Ф.Кардини Бобур “Сўз санъатига меҳр қўйган буюк ҳукмдор ёхуд салтанатни севган буюк адиб”, дея бежиз айтмаган. Олим бундай қарорга келишининг ўзига хос сабабларини илмий-тарихий аниқ маълумотлар асосида изоҳлашга ҳаракат қилади.

“Бобурнома”нинг мазкур итальянча таржимасига америкалик шарқшунос олим В.М.Текстон томонидан амалга оширилган инглизча нашр “The Baburnama. Memories of Babur“ (1996) асос қилиб олинган бўлиб, таржимон фикрига кўра, у Бобур Мирзо ёдномаларининг барча хусусиятларини имкон қадар сақлаб қолган. Гарчанд “Бобурнома”нинг А.Бевериж томонидан тайёрланган инглизча таржимаси (Лондон, 1922) кўплаб хорижий тиллардаги нашрлар учун асос вазифасини бажарган бўлса-да, В.М.Текстон таржимаси мукаммаллик жиҳатдан ундан фарқ қилади. Шу боис итальянча таржимага А.Беверижнинг таржимасидан роппа-роса 75 йилдан кейин, 1996 йилда профессор Вилер Текстон томонидан учинчи бор яратилган “Бобурнома”нинг мукаммал инглизча таржимаси асос қилиб олинади.

“Бобурнома”нинг итальянча таржимаси билан танишар экансиз, таржимон зарур ўринларда баъзи сўз ва терминларга изоҳлар ва қўшимча маълумотлар бериб борганига, бобурийлар даврига оид 96 та бадиий миниатюрадан фойдаланганига гувоҳ бўласиз. Назаримизда, ушбу хусусият таржиманинг нафақат мазмун-моҳияти, балки ноёб расмлари билан ҳам жуда қимматли эканлигини белгилайди.

Келтирилган суратлар ўша замон учун тарихий, географик, этимологик омилларни тўлиқ ҳисобга олган ҳолда, китоб қаҳрамонларининг характерлари ва ички дунёсини ҳақиқий, реалистик тарзда очиб беришга хизмат қилади.

Масалан, уларда Ҳиндистоннинг ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, зиёфат, ов, турмуш манзаралари, тарихий воқеалар ёрқин ва ишонарли тасвирланган миниатюралар акс этади ҳамда улар таржиманинг турли саҳифаларига жойлаштирилгани билан аҳамиятли. Бир сўз билан айтганда, машҳур мўъжаз расмлар ранглар палитраси, нафис безаклари ва теран маъноси билан ажралиб туради.

Ф.Пасторе китоб сўнггида ёзган шарҳида “Бобурнома” ўз даврининг кундалик ҳаётини қайта тиклашга имкон берадиган, Ислом тамаддунига хос автобиографик асарнинг илк ростгўй намунаси эканига алоҳида урғу беради. Бу бекорга эмас. Зеро, Бобур ҳазратлари ўзининг бу ҳаётномасидаги ҳар бир сўзи рост ёзилишини мақсад қилиб қўйганини таъкидлаб ўтган. Эҳтимол, таржимон буюк мутафаккирнинг шу айтган ақидасидан келиб чиқиб хулоса қилган бўлса, ажаб эмас.

Яна бир жиҳат…

Аслини олиб қараганда, Ўзбекистон ва боқий Рим шаҳарлари ўртасидаги ўзаро ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳамкорлик алоқалари қарийб икки минг йиллик тарихга эга. Бу жараёнда икки минтақани бирлаштириб, ўзаро савдо-сотиқ алоқаларининг ривожланишида Буюк ипак йўлининг аҳамияти катта бўлган.

Масалан, кўҳна Мароқанд шойиси айнан шу йўл орқали Рим империяси ҳудудларигача етиб бориб, довруқ қозонганлиги манбаларда қайд этилган. Тарихда узоқ ҳукм сурган Рим ва бобурийлар империяси кўпгина хусусиятларига кўра дунё давлатчилиги тарихида ўзига хос мавқега эгалиги билан ажралиб туради. Италиялик машҳур олим ва адиб Ф.Кардини сўзбошида айни шу буюк тарих ва Турон заминининг бетакрор ва салобатига урғу қаратади.

Яна бир италиялик тарихчи, ўрта асрлар бўйича йирик мутахассис, 1940 йилда Флоренцияда туғилган Ф.Кардини Рим ва бошқа давлатлар тарихининг етук билимдони ҳисобланади. Айниқса, салиб юришлари ва ўрта асрлардаги бошқа турли тарихий воқеаларга оид, шунингдек, диний-маърифий, айниқса, исломшуносликка оид монография ва тадқиқотларини дунё илмий жамоатчилиги яхши билади. У “Бобурнома” таржимаси сўзбошида Ўрта Осиё тарихи, Бобур ва бобурийлар сулоласи фаолияти, унинг бутун жаҳон давлатчилик тарихидаги беқиёс ўрни борасидаги “иқрорлари”ни кўплаб мисоллар орқали далиллайди. Олим назарида Ўзбекистон замини қадимдан дунёга жуда кўп буюкларни етиштириб берган диёр. Бу халқ жаҳон тамаддуни ривожига катта ҳисса қўшган, айниқса, илм-фан соҳаларида кўплаб ҳақиқатларни исботлаб берган заминдир.

Ф.Кардини фикрига кўра тарих ибрат кўзгуси, буюк муаллим, илм, маънавият ва тарбиядир. Шу боис ҳам у ўз фикрларини бобурона услубда, яъни рўй-рост, очиқ-ойдин руҳда баён этади. Тарих, ўтмишдан сабоқ олиш, ундаги хатоликларни такрорламасликка, дунёга маънавият ва маърифат улашган халқлар ҳамда уларнинг буюк аждодларига ҳурматда бўлишга чақиради. Ҳиндистондаги “ўзга Ренессанс излари” ва унга буюк Рим – Италияда бўлган муносабат хусусида тўхталар экан, у ўз халқининг шу пайтга қадар Ҳиндистон ва Турон заминдаги миллатларга паст назар билан қарашганини, аксар ҳолатларда уларга ноҳақ зулм қилинганини, ўзга халқлар фақат бойлик манбаси сифатида кўрилгани ва бу катта хато бўлганлигини афсус билан ёзади: “Биз ҳатто ўз жиноятларимизни тезроқ яшириш ва ўзимизни оқлаш учун “тарихи йўқ халқлар” деган сохта тушунчани ўйлаб топдик. Ҳолбуки, биз ушбу миллатлардан зўрлик билан тортиб олган бойликлар аслида уларнинг ҳақиқий, асл ва ниҳоятда беҳисоб хазиналарининг юзаки, ташқи бир қисми эди, холос”.

Италиянинг машҳур ёзувчилари Данте Алигерининг “Илоҳий комедия”, Баккачонинг “Декамерон”, Петрарка ва Вергилийнинг сонетлари, Жанни Родарининг эртаклари аллақачон жаҳон дурдоналари сафига қўшилган. Жумладан, бу асарларни ўзбек китобхонларига таржима қилиб етказилгани икки минтақа адабиёти билан яқиндан танишиш имкониятини бериб, халқларни яқинлаштиришда муҳим роль ўйнайди. Шу боис қадимда Шарқ маданиятининг ўчоғи бўлган Ўзбекистон билан бу борадаги алоқалар илм-фан ва маданият соҳасида анча илгари бошланиб кетган.

Бизнингча, қомусий асар “Бобурнома”нинг итальян тилига таржимаси ҳам шундай улуғ мақсадга хизмат қилади. Бу ўзбек ва итальян халқлари ўртасидаги азалий ҳамкорликнинг бугунги кундаги кўриниши, ўзаро илмий-тарихий ва маданий алоқаларнинг янги босқичга чиқаётганлигининг яққол ифодасидир.

ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.