Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов мамлакатимизга ташриф билан келган Малайзия ташқи ишлар вазири Замбри Абдул Қодир билан учрашди.
Вазирлар икки давлат ҳамкорлигининг бугунги ҳолатига баҳо бериб, кун тартибида турган барча йўналишлар бўйича алоқани кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини қайд этдилар.
Суҳбат чоғида халқаро институтлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашга интилиш алоҳида таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистон томони Малайзия аъзо бўлган АСЕАН ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор экани маълум қилинди.
Ўзаро товар айирбошлаш кўламини кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, янги транспорт йўлакларини шакллантириш, маданий-гуманитар ва таълим соҳасидаги алмашинувни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Учрашув якуни бўйича ташқи ишлар идоралари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси ва Малайзия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2023-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзоладилар. Ҳужжатда қатор қўшма тадбирлар ўтказиш, томонларнинг халқаро майдондаги саъй-ҳаракатини мувофиқлаштириш кўзда тутилган.
Саидмурод Раҳимов,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА