РЕЙД

Ижтимоий тармоқларда радар масаласига оид видеоролик тарқалиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Унда Тошкент вилояти Сурум аҳоли яшаш пунктининг 4P-21-“Тошкент айланма йўли автойўли”да ўрнатилган радарнинг тўғри ишлаётганига шубҳа билдирилган. Бунга аниқлик киритиш мақсадида жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий метрология институти, 20 нафарга яқин ҳайдовчи, Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари ҳамда радар ўрнатган тадбиркорлар билан бирга юқоридаги манзилда йиғилдик. 

Тегишли жойга Ўзбекистон Миллий метрология институтининг тезликни метрологик текширувдан ўтказиш мақсадида Автотранспорт ҳаракати тезлигини ўлчаш мобил лабораторияси келтирилди. Сўнг эътирозларга сабаб бўлаётган радар ўрнатилган жойидан ечиб олиниб, махсус мобил лабораторияга метрологик текширувни амалга ошириш учун олиб келинди. Ўзбекистон Миллий метрология институти ахборот хизмати ходимининг маълумот беришича, автотранспорт тезлигини ўлчаш воситалари, яъни радарларнинг қиёслашаро оралиқ муддати Адлия вазирлигининг 2016 йил 30 июндаги № 3174 сонли “Текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати”га асосан 12 ой этиб белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди. Ушбу махсус мобил лаборатория орқали мутахассислар метрологик текширув бошлаб юборди. Биз эса унга қадар бирма-бир ҳайдовчиларнинг шикоятларига қулоқ тутдик.

ТОШКEНТ ҲУДУДЛАРИГА ҚАЕРЛАР КИРАДИ?

Ҳайдовчилар ЎзА микрофонига ўз эътирозларини билдирди. 

“Постдан 150 метр ўтгандан кейин чап тарафда «Сурум» деган 70 тезлик белгисидаги ёзув бор. Шундан 500 метр ўтганидан кейин «Тошкент» деган ёзувни кўрамиз. Шу ёзувдан 100-200 метр ўтганидан кейин Сурум тугагани қайд этилган белгини кўрамиз. Қизиғи, Сурумнинг бошланиши билан тугаши ўртасида «Тошкент шаҳри» деган ёзув қаердан келиб қолди? Ўртадаги чалғитувчи бу ёзувнинг ёнида “Фура” юк машинаси турса, уни ҳеч ким кўрмайди. Келамиз, ўтамиз, Сурум тугайди, биз 70 тезликда ўтиб кетамиз. Тошкент шаҳарини умуман кўрмаймиз. Шу тўғрими? Тошкент шаҳрининг тугаши қаер? Буни Чирчиққача келиб ҳам тополмайсиз», дейди ҳайдовчи.

“Сурум деган жой билан тугашининг ўртасида «Тошкент шаҳри» дейилган белгини қўйиш мантиқан тўғрими? Нечта одам жарима тўлаяпти шуни деб, ҳамма Сурумга келдим, 70 тезлик деб ўйлаб ўтиб кетади. Кириб келишингиз билан чиқишингизни биласиз, эътибор бермайсиз. Нари ёқдан кирадиган бўлсангиз, «Тошкент шаҳри» деб ёзилган, постдан ўтгандан кейин Сурум тугади белгиси қўйилган. Тошкент шаҳар тугаганини билдирувчи белги қўйилмаган. Нега шундай?” дея изоҳ сўрайди ҳайдовчи, ҳудуддаги ЙҲХХ ходимидан ва бизга ушбу ҳолат акс этган видеороликни тақдим этади.

Аслида бу саволнинг жавоби биз учун ҳам қизиқ. Дуч келган жойга йўл белгиси қўйиб кетилганини билимсизлик, дейликми ёки ҳудудлар географиясига биз билмаган ҳолда ўзгаришлар киритилдими?

Йўл ҳаракати хавфсизлигига масъул инспектор ҳайдовчининг бу саволига жавоб беришда қийналди ва шаҳар ЙҲХББ матбуот хизматидан изоҳ сўраш мумкинлигини айтиб, вазиятдан чиқишга уринди.

ЭЪТИРОЗЛАРГА ҚУЛОҚ ТУТАМИЗ

“Буниси ҳам майли, бир вақтнинг ўзида қандай қилиб уч маротаба катта тезликни уриши мумкин радар? 17:58 вақтида 3 маротаба жарима уряпти”, дейди яна бир ҳайдовчи.

“Ҳаммаси равшан! Бу ерда радар борлигини билган ақлирасо одам қандай қилиб бир кунда уч маротаба айнан шу радарга тушиши мумкин? дея қўшимча қилади бошқа ёш ҳайдовчи.

“Бизга ҳеч нарса керак эмас. 2 км. нариёқдаги радар 70 тезлик, мана бу радар 60 тезлик. Лекин шаҳарда. Одам чалкашиб кетди. Бизга унисини ҳам бунисини ҳам 70 ёки иккаласини ҳам 60 қилиб беришсин”, дейди яна бошқаси.

“Менинг машинамни эса эвакуаторда олиб кетаётганида шу радар «кўриб қолиб» камерасига муҳрлабди. Бу кулгили эмасми?”, дейди яна, мунтазам равишда Сурумдан қатнайдиган ҳайдовчилардан бири.

ТEЗЛИК ҚАНДАЙ АНИҚЛАНАЁТГАНИ МАЪЛУМ БЎЛДИ

Бизга “автотранспортлар тезлигини аниқловчи мазкур радар меъёрий ҳужжатлар талабига кўра,тезлик катталикларини тўғри кўрсатаётганлиги” айтилди.

Ўзбекистон Миллий метрология институтининг етакчи мутахассиси Ғулом Розиметов шу мазмунда маълумот берар экан, одатда радарнинг тезлик параметрлари махсус иммитатор ускунаси ва ноутбукка ўрнатилган махсус дастур орқали ўлчанишини таъкидлади.

“Тезликни иммитатор орқали радарга узатамиз ва ушбу узатилаётган тезлик параметрини дастурда қайд этилаётган кўрсатгич орқали кўришимиз мумкин. Мана, ҳозир иммитатор орқали 20 тезликни узатяпмиз, радар белгилаётган кўрсаткич эса дастурда ҳам 20 тезликни кўрсатмоқда”, дейди у.

Шу тариқа мутахассис тезликни 70-90-120 ва 150 км. соатгача ошириб кузатди. Кўрсаткични радар ҳам ўз вақтида қайд этиб, бор тезликни борича махсус дастур орқали кўрсатиб турди. ЎзА камерасининг кўзи ҳар икки ускунада, иммитаторни ҳам радар орқали тезлик қайд этилаётган махсус дастурни ҳам объективкага муҳрлаб борди. Бироқ, шу жараёнда бирон-бир узатилган тезлик параметрининг кам ёки ортиқча км. соат билан қайд этилганига гувоҳ бўлмадик. Ваҳоланки, бу радарга нисбатан бизда ҳам шубҳа бор эди…

“Радар ўлчаш тезлик диапазони 2-300км/х.гача. Рухсат этилган хатолик+_ 1 км/х деб белгиланган.
Мисол учун, иммитатор орқали берилган тезлик 20 бўлса-ю радар 19 ёки 21 кўрсатса, бу радар рухсат этилган хатолик чегарасида деб ҳисобланади ва қўллашга рухсат этилади. Агарда радар рухсат этилган +_ 1 км/х юқори бўлса, у ҳолда радар қўлланишга яроқсиз деб ҳисобланади”, дея қўшимча қилади мутахассис Ғулом Розиметов.

НАТИЖА ҲАЙДОВЧИЛАРНИ ҲАЙРОН ҚОЛДИРДИМИ? 

Натижани эшитган ҳайдовчилар негадир ҳайрон бўлмади. Улар текширувга қадар билдирган эътирозларига ҳам афсусланмади. Аксинча, текширув олиб борилаётган вақтнинг ўзидаёқ натижаси ишонарли чиқмаслигига ишонган ҳайдовчилар яна иддаоларни бошлаб юборди.

Улар уч кун аввал — 23 июнь куни бир неча йигитлар қўлларида ноутбук билан радарни “кавлагани”ни такрорлаб, Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимидан, тадбиркордан, метрология институти мутахассисларидан изоҳ талаб қиларди.

Бу бўйича ҳайдовчилардан факт сўралганида эса улар ўша жараён акс этган на фотосурат, на видеони тақдим эта олди. Аммо уларнинг шубҳасида асос бордек. Ўйлаб кўринг, нега муаммо радар ўрнатилганидан шунча вақт ўтиб, айнан жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб муҳокама мавзусига айланди?

РАДАРНИНГ ЭГАЛАРИ НИМА ДEЙДИ? 

Текширув жараёнида йўлдан ўтган ҳайдовчи борки, тўхтаб, гап нимадалигига қизиқар эди. Ҳатто автоуловидан тушиб, шикоятларга қўшилиб, ўз дардини айтганлари ҳам бўлди. Тадбиркорлар эса, йўл четида радарнинг текширилиш жараёнини кузатиб, эътирозларга жимгина қулоқ тутиб турарди.

Улар радар муаммоси бўйича ижтимоий тармоқларда аёл ҳайдовчининг мурожаати чиққанидан сўнг мана шундай “бошоғриқлар” билан безовта бўлаётганликлари, аслида радар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида йўллардаги хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўрнатилгани, ҳайдовчилардан жарима ундириш учун эмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, улар ҳайдовчиларнинг радар бир уринишда тезликни уч маротаба қайд этаётгани билан боғлиқ иддаоларига ҳам ҳайратланишди. Бироқ, бу рост бўлса, қонунга мувофиқ тадбиркорларнинг барака топмаслиги аниқ!

Сабаби, Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, мабодо тизим қоидабузарликларни аниқлашда 3 ва ундан ортиқ маротаба хатоликни қайд этса, объектга нисбатан мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниши мумкинлиги, тизим томонидан қоидабузарликлар нотўғри аниқланганда эса тадбиркорлар уларни содир этган деб топилган шахсга етказилган барча моддий зарарни қоплашга мажбурликлари айтилган. Шу боис уларнинг қинғир ишга қўл уришлари мумкинлигига ишониш қийин. 

Маълумот учун: тадбиркорлар ўзларига тегишли камералар орқали аниқланган қоидабузарликлардан ундирилган жарималарнинг 50 фоизини, тизим ишга туширилгач 1 йил ўтиб, 25 фоизини оладилар.

РАДАР ЯНА ЖОЙИГА ЎРНАТИБ ҚЎЙИЛДИ. АММО… 

Шу тариқа текширув якунлангач, радар яна ўз жойига ўрнатиб қўйилди. Бу билан эса ҳайдовчиларнинг ҳовури босилмади. Сабаби, барибир улар яна шу радар остидан  шубҳа билан ўтишлари аниқ.

Қизиқ, наҳотки ушбу ҳудуддан ўтаётиб радарга тушаётган ҳайдовчилар орасида   биронта видеорегистратори бўлган ҳайдовчи ҳам ўтмаган бўлса? Маълумот учун, автотранспорт спидометрлари ҳам ўлчаш воситаси ҳисобланиб, унинг тўғри ишлашини метрологик текширувдан ўтказиб туради.

Хулоса ўрнида айтиб ўтишимиз жоизки, мамлакатимиз ривожи учун чиқарилаётган қарорлар доирасида амалга оширилаётган ҳар қандай иш — у хоҳ лойиҳа бўлсин, хоҳ қўлланилаётган инновацион технология, ҳар қандай шубҳалардан холи, аҳоли эса ундан рози бўлиши муҳим. Зеро, халқни рози қилиш кераклигини давлатимиз раҳбари бот-бот такрорлаб келади.

P/S: Мақола эълон қилингунга қадар ҳайдовчиларнинг эътирозларига сабаб бўлган айрим муаммолар ва камчиликлар  бартараф этилибди. Бу юзасидан тез орада маълумот берамиз. 

М.Эшмирзаева, А.Содиқов, ЎзА