4 июль, куннинг иккинчи ярмида Тошкентдаги “Ивент-холл” мажмуалар саройида “Янги Ўзбекистон – Ёшлар мамлакати” мавзусида навбатдаги сессия бўлиб ўтди.

“BNE” халқаро нашрининг бош муҳаррири Бен Арис модераторлигида ўтган тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев қатнашиб, мамлакатимизда ёшлар сиёсати, уларни қўллаб-қувватлаш масаласида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

Таъкидлаш лозим, бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича вертикал бошқарув тизимини тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида Ўзбекистон Республикаси қонуни, Президент фармони ва қарори, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари қабул қилинган.

Суҳбатда барча маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, бу вазифага ташкилотчилик қобилиятига эга, ташаббускор йигит-қизлар танлаб олингани таъкидланди. Маҳаллада бу тизим орқали ёшларга 100 дан зиёд имконият яратилди.

Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари хабарига кўра, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш электрон платформаси – “Ёшлар дафтари” тизимли йўлга қўйилиб, сўнгги икки йилда 798 минг нафарга яқин ёшларга қарийб 1 триллион сўмлик ёрдам кўрсатилган. 53 минг нафар эҳтиёжманд оилага мансуб талабага ўқиш учун контракт пуллари тўлаб берилган.

– Бугунги конференциянинг айнан ёшларга бағишлангани Ўзбекистон ёшлар мамлакати, келажакдаги энг муҳим ресурс – ёшлар, деб қаралаётгани тасдиғи, – деди А.Саъдуллаев. – Бутун дунёдаги глобал ўзгаришлар, жумладан, иқтисодий, ижтимоий соҳадаги масалалар ечими сифатида ёшлар эътироф этилмоқда. Ҳозир юртимизда олиб борилаётган сиёсат ёшларнинг билимли, касб-ҳунар бўлишига алоҳида аҳамият қаратган.

Шунингдек, “BNE” халқаро нашрининг бош муҳаррири Бен Арис иштирокчиларга демократик ривожланиш даврида Ўзбекистон ёшларни қўллаб-қувватлашга бўйича ислоҳотлари жаҳон аҳлини ҳам ҳайратга солаётганини айтди.

Тақдимотда демократик ривожланиш жараёнида Ўзбекистон ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги дастурлар эълон қилинди. Айнан маҳалладаги ёшлар етакчилари тизими, ёшлар баланси тизими ва ушбу тизим доирасида ёшлар учун жамғармалар ташкил қилингани, уларнинг фикр, ғоя, муаммо ва таклифларини эшитадиган тизим пайдо бўлгани қайд этилди.

Маълумот ўрнида, ёшлар соҳасида ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон 2018 йил ШҲТ Ёшлар кенгашига, 2020 йил МДҲга аъзо мамлакатларнинг Ёшлар ишлари бўйича Кенгашига, 2021 йил Осиёда ўзаро ишонч чоралари бўйича Кенгашининг Ёшлар бўйича Кенгашига тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилинган.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА