Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга имкон яратмоқда.

Уларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси самарали хизмат кўрсатмоқда. Жамғарма фаолияти ва хотин-қизларга берилаётган имкониятлар хусусида Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ижрочи директори Умрбек Исмоилов қуйидагиларни маълум қилди:

–Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўз фаолиятини бошлади. Жамғармадан кўзланган мақсад, жамиятда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш, хотин-қизларимизни тадбиркорлик соҳасига тайёрлаш, касб-ҳунарли қилиш, ҳам ўзи учун, ҳам оиласи учун мустақил йўл топа олишга ўргатиш, маънавий бойлик билан биргаликда, моддий таянчга ҳам эга бўла олишини сингдириш, ўзига бўлган ишончни, қатъиятни қарор топтириш, эркин фикрлай оладиган, у ҳам шу мустақил юртимизнинг эркин фуқароси эканлигини англай олишида кўмакдош бўлишдан иборатдир.

Жамғармага 2023 йил ярим йил ҳолатига кўра, жами 77 минг 543 миллиард сўм миқдорида тушум келиб тушган бўлиб, улар хотин-қизларимизнинг келажаги учун йўналтирилмоқда. Хусусан, жамғарма томонидан бугунга қадар 5 минг 413 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ҳамда вояга етмаган ногиронлиги бўлган болалар реабилитация воситалари билан таъминланди.

Жарроҳлик амалиётлари ўтказиш орқали даволанишга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 1 минг 30 нафарига эса жарроҳлик амалиёти ўтказиш ва соғлом ҳаётга қайтариш учун маблағлар тўлаб берилди. Шунингдек, хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик марказларида ташкил этилган ўқув курсларини олиб борган мутахассисларга соатбай ҳақ тўлаш мақсадида маблағ молиялаштирилди. Натижада 47 минг 171 нафар хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида касб-ҳунарга ўқитилди. Бу қувонарли ҳол, албатта. Шунча аёлларимиз, қизларимиз мустақил равишда ўзларининг кичик тадбиркорлигини йўлга қўядилар. Тикувчилик, пазандачилик, тўқувчилик, сартарошлик каби соҳаларда бемалол бизнес режалар тузиб, шахсий даромадини топа олади. Рўзғори, оиласи, фарзандлари учун сарф-харажат қилишга имконияти бўлиб, ўзига бўлган ишончи яна бир бор ортади. Бундан ташқари жамғарма томонидан зўравонликдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлимларини сақлаш билан боғлиқ, шу билан биргаликда, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши томонидан хотин-қизлар масалалари бўйича ўтказиладиган халқаро тадбирларни ташкил этиш ва Ўзбекистон делегациясининг халқаро тадбирларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларини қоплаш ҳам йўлга қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикасида “Аёллар дафтари”да турган 226 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизларнинг яшаб турган уй-жойлари таъмирланиб, боқувчисини йўқотган ёлғиз оналарга, ногиронлиги бўлган фарзандларини парвариш қилаётган аёлларга амалий ёрдамлар берилди.

Жамғарма ҳали ўз олдига бир қатор устувор вазиларни белгилаб олган. Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш жамият тараққиётининг асосий мезонларидан бўлиши айни ҳақиқат. Жамият гултожи бўлган аёлларимиз, уйимиз файзи, кўнглимиз сурури бўлган опа-сингилларимиз, ғуруримиз, шаънимиз бўлиб келаётган қизларимизнинг кўзидаги қувончни кўриш ва бунга сабабчи бўлиш ишимиз ривожига янада ривож бағишлайди. Улар эртанинг келажаги, бахтли кунларнинг давомчилари. Зеро, эзгу мақсадлар инсонни ҳаётда таназзулдан қутқаради, курашишга, интилишга ундайди. Бизнинг ҳам эзгу мақсадимиз хотин-қизларимизга ҳар жабҳада кўмак бериб, юртимиз тараққиётига оз бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат.

Гулноза Бобоева, ЎзА