Ўзбекистон Республикаси Президенти “Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Ушбу қарор билан:
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги ташкилотларни қайта ташкил қилиш дастури;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкилий тузилмалари, шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасини трансформация қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.
Унга кўра, Олий таълим дастурлари етакчи олий таълим муассасалари базасида халқаро ташкилотларнинг таълим соҳалари рейтингида юқори 200 талик рўйхатига кирган хорижий олий таълим ташкилотларининг дастури асосида қайта ишлаб чиқилади ва олий таълим муассасаларининг ўқув лаборатория базасига қўйилган талаблар таълим дастурларига, илмий лабораториялар соҳа ва тармоқлардаги технологик жараёнларга мослаштирилади.
Профессор-ўқитувчилар юкламаси ўқув ва илмий фаолиятга, ўқув жараёнлари эса талабаларда мустақил таълим олиш кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Ўрта махсус, профессионал, олий ва олий таълимдан кейинги таълимни, шунингдек, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини ташқи баҳолашнинг янги тизими жорий этилади.
Таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тизими жорий этилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тан олинган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг амалдаги рўйхатида биринчи 1 000 таликка кирган олий таълим ташкилотлари навбатдаги комплекс давлат аккредитациясидан озод қилинади.
2025 йил 1 январдан бошлаб нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш бўйича квота уларнинг рейтингдаги ўрнига мувофиқ ажратилади.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилишда ёзма имтиҳон асосида дастлабки саралаш босқичи бекор қилинади.
Коллеж ва техникумларнинг таълим дастурларига давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари икки бараварга оширилади.
Олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда абитуриентларга «давлат гранти» ёки «таълим йўналиши» устуворликларидан бирини танлаш ва танлаган устуворлиги бўйича бакалавриат таълим йўналишлари кетма-кетлигида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Талабанинг таълим йўналишига мос стартап лойиҳасини ҳамда рационализаторлик ғоясини битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияси сифатида ҳимоя қилиш амалиёти жорий этилади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топшириш «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида ташкил этилади ҳамда абитуриентларга тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси, таълим йўналиши ва шаклини танлаш имконияти яратилади.
Умумтаълим фанлари бўйича халқаро имтиҳон натижалари бўйича сертификатлар давлат олий таълим муассасаларига қабул қилишда инобатга олинади.
ЎзА