Эроннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўлиқ форматда аъзо бўлиши ҳамкорлик йўналишларини янги амалий ҳаракатлар билан бойитади ҳамда кенг истиқбол эшикларини очади, дея баёнот берди ташкилот бош котиби Чжан Мин.
“РИА Новости” ёзишича, Чжан Мин Эроннинг таркибга қўшилиш йўлида олиб борган саъй-ҳаракатини юқори баҳолаган. Жумладан, ШҲТ сафи кенгайиши ташкилот амал қилаётган тамойил, айниқса “Шанхай руҳи” концепцияси халқаро ҳамжамият томонидан тобора кенг тан олинаётгани ва маъқулланаётганидан далолат эканини таъкидлаган.
Бош котиб айтишича, ШҲТ очиқ ташкилот, тузилма низомига амал қиладиган ҳар қандай мамлакат ушбу “оила”га аъзо бўла олади.
2001 йил ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро ташкилотга энди Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Эрон аъзо. Афғонистон, Беларусь ва Мўғулистон кузатувчи мақомига эга. Озарбайжон, Арманистон, Камбожа, Непал, БАА, Туркия ва Шри-Ланка мулоқот бўйича шерик мамлакатлар ҳисобланади.
2021 сентябрь ойида Душанбеда ташкил этилган саммитда Эронни ташкилотга қабул қилиш жараёни бошланган, 2022 йил сентябрда бўлиб ўтган Самарқанд саммитида эса Беларусни қабул қилиш жараёнига старт берилган эди.