Пойтахимизда ўтаётган “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталигида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган “Mueller&Schindler” нашриётининг вице-президенти Александр Вильгельм ЎзА мухбирига интервью берди:

– Авваламбор, Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган маданий мерос ҳафталигига бағишланган йиғилишларда иштирок этаётганимдан мамнунман. Мазкур ҳафталик мамлакат маданияти, санъати ва тарихини бутун дунёга кенг намойиш этишга хизмат қилмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг бугунги сиёсати нафақат маданий меросни асраш, тарғиб қилишга, балки иқтисодий ривожланиш, ҳуқуқий ислоҳотлар кўламини кенгайтиришга асосий эътиборини қаратади.

Ўзбекистон барқарор ривожланиш даврини босиб ўтмоқда. Бундан 8 йил олдин, 2015 йил диёрингизга ташриф буюрганман, бугун орадан йиллар ўтгач, яна пойтахтга келдим. Шаҳардаги ўзгаришлар кишини ҳайратлантиради. Ишончим комил, яқин келажакда мамлакатингиз маданий кўргазмалари, бизнес йўлидаги қадамлари ва бошқа кўплаб соҳаларда ақлбовар қилмайдиган даражада тараққий этади.

Мазкур анжуман хусусида тўхталсам, Янги Ўзбекистон маданий мерос ҳафталигига катта тайёргарлик кўргани билиниб турибди, ушбу анжуман муваффақиятли, таассуротларга бой ўтади. Ўзбекистон сўнгги пайтларда маданий мерос йўналишида халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилиш, дунёнинг турли ҳудудларида қатор кўргазмалари билан иштирок этиш борасида салмоқли ишларни амалга оширди.

Бундан ташқари, маданият ва туризм соҳасига ихтисослашган вазирлик ва идоралари давлатда рўй бераётган Учинчи Ренессанс даврида жаҳоннинг йирик маданий-маърифий ташкилотлари билан муҳим лойиҳалар устида ишлаётганини эътироф этган бўлардим.

“Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” мавзусида халқаро конференцияда нутқ сўзлаш имконига эга бўлдим. Чиқишим чоғида санъат ва адабиёт оламидаги муҳим воқеликлар, жумладан, XV асрларда Самарқанддаги тарихий ва йирик Улуғбек кутубхонаси ҳақида алоҳида эътибор қатардим.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.