Маълумки, олий таълим муассасаларига абитуриентларни рўйхатга олиш жорий йилнинг 20 июнидан бошланган бўлиб, мазкур жараён агентликнинг тегишли сайти орқали амалга оширилмоқда. Рўйхатга олиш ишлари жорий йилнинг 20 июлига қадар давом этади.

Хўш, олий таълим муассасаларига киришда ногиронлиги бўлган шахслар учун қандай имкониятлар бор?

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бош мутахассиси Жамшидбек Одиловнинг сўзларига кўра, рўйхатдан ўтиш жараёни  онлайн равишда ташкил этилмоқда. Ҳужжатларни топширишда абитуриентлардан ортиқча ҳужжат талаб этилмайди. Абитуриентларда фақатгина шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва умумий таълим олганлиги тўғрисида гувоҳнома мавжудлиги етарли. Таълим тўғрисидаги тегишли қонунчиликка кўра, умумий таълим олган абитуриентгина олий таълим олиш ҳуқуқига эга саналади.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳужжат топшириш давомида ўзининг ногиронлигини тасдиқловчи маълумотларни тақдим қилиши лозим бўлади.

–Алоҳида таъкидлаш лозимки, ногиронлиги бўлган шахслар тест синовларида нечанчи марта иштирок этаётганидан қатъи назар,  белгиланган тўловни амалга оширмайди, – дейди Жамшидбек Одилов. – Аслида ногиронлиги бўлган шахслар икки тоифага ажратилади. Биринчиси кўзи ожиз шахслар ва иккинчиси  бошқа тоифадаги ногиронлиги мавжуд шахслар.

Кўзи ожиз абитуриентлар учун белгиланмаган миқдорда алоҳида квоталар ажратилади. Кўзи ожиз абитуриентлар тест синовларида  иштирок этмайди. Улар учун ёзма ёки оғзаки тарзда алоҳида махсус имтиҳонлар ташкил этилади. Кўзи ожиз абитуриентлар қанча нафарни ташкил этишдан қатъи назар, давлат гранти асосида танловсиз равишда ўқишга қабул қилинади.

Кўзи ожизликдан ташқари бошқа тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларига киришида давлат гранти учун алоҳида икки фоизлик қўшимча квоталар ажратилади. Бундай тоифадаги абитуриентлар тўплаган балларига қараб тақсимланади. Тест жараёнларида улар учун саволлар соддалаштириб берилмайди. Фақатгина квоталар ажратилади.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.

ЎзА