Маълумки, юртимиздаги 210 та олийгоҳ, 330 та касб-ҳунар мактаби, қарийб 400 га яқин коллеж ва техникумлар ёшларга ўзлари танлаган соҳалар бўйича етук кадр ва малакали мутахассис бўлиш учун имконият майдони бўлиб хизмат қилади.
Хўш, олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари учун тайёргарлик қандай кечмоқда?
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг қайд этишича, бу йил қабулдаги янгилик абитуриентлар сонининг кўплигидир. Жорий йилда олий таълим муассасаларида ўқиш истагида бўлган абитуриентлар 1 миллион 200 минг нафардан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Қабул учун 381 мингта квота ажратилиши режалаштирилган. Шундан 60 мингта давлат гранти кўзда тутилган. Қабул учун тестларнинг намунавий шакллари ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.
Тест синовлари ўтказилиши учун 92 та иншоот тайёрлаб қўйилган. Имконияти чекланган абитуриентлар алоҳида суҳбатлар асосида қабул қилинади ҳамда шаффофликни таъминлаш учун жорий йилда ижодий-касбий имтиҳон ўтказиладиган иншоотлар эшитиш имкони бор кузатув камералари билан таъминланади.
Олий таълим муассасаларида таҳсил олиш истагида бўлган ёшлар кўрсаткичи 39-40 фоизни ташкил қилмоқда. Келгусида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш 42 фоизга етказилади.
Шунингдек, вазирнинг таъкидлашича, 2023 йил магистратурага фақат бир марта ёзда қабул бўлади.
–Ўтган йили илк марта тил сертификати талаб қилингани учун фақат бир йил учун 2 марта қабулга рухсат берилган, –дейди И.Абдураҳмонов. – Лекин бу йил қабул анъанавий фақат бир марта бўлади.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, ўтган йил магистратурага қишки ва ёзги қабул ўтказилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА