ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Боғдагул Есемуратова қўли гул чевар. У ўз ҳунари ортидан оилада ҳам, жамиятда ҳам ўрнини топган аёллардан. Боғдагулнинг миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштириб тиккан либослари, қуроқ кўрпача ва ёстиқларнинг бозори чаққон.
Тажрибали ҳунарманд давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланиб, кичик тикувчилик корхонасини очган. Айни вақтда бу ерда 10 нафардан ортиқ хотин-қиз иш билан банд. Шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилаётган ҳунармандчилик маҳсулотларини харидорларга сотиш учун савдо дўкони ҳам ишлаб турибди. Корхонада буюртмаларнинг кети узилмайди.
– Аёл учун оиласи тинч, рўзғори бут, фарзандлари саломат бўлса, бас, – дейди Боғдагул Есемуратова. – Шу билан бирга ўзи севган иши, эл ичида обрўси бўлса, бахт устига бахтдир. Бугун мен ана шундай бахтли аёллар қаторида эканимдан қувонаман. Буларнинг барига момомерос ҳунарни ўрганиб эришдим, деб ўйлайман. Ҳунар инсоннинг зийнати, бахт калитидир.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА