Хабарингиз бор, 3-7 июль кунлари пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталигига старт берилган.
Бугун “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” шиори остидаги маданий тадбирлар расман бошланди.
Айни пайт илк анжуман – “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” мавзусида халқаро тадбир бўлиб ўтмоқда.
Халқаро телебошловчи ва журналист Али Аслан модераторлигида ўтаётган йиғилишда Ўзбекистон маданий мероси, туризмни ривожланишига бағишланган мавзуларда муҳокама ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Дастурга мувофиқ дастлаб Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков сўзга чиқиб, охирги йилларда маданият ва туризм соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар хусусида маълумот берди. Жумладан, маданият ва санъатни янада ривожлантириш ҳамда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор олий ўқув юртларида талабалар учун давлат стипендиялари таъсис этилгани алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш деган эзгу ғоя асосида барча соҳада жуда катта амалий ишларга қўл урилган. Бебаҳо маданий меросимизни асраб-авайлаш, қадимий ёдгорликларни кенг миқёсда тиклаш ва илм-фан ютуқларига асосланган ҳолда ўрганиш, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, туризм секторини халқаро мезонлар даражасига олиб чиқиш бўйича улкан қадамлар ташлангани эътироф этилди.
– Ишончимиз комилки, бошланган ҳафталик доирасидаги тадбирлар орқали юртимизнинг тарихий обидалари, Янги Ўзбекистонда қўлга киритилаётган ютуқлар, халқимизнинг бой ва бетакрор анъаналари, маданияти ва санъати, мамлакатимиз туризм салоҳияти билан яқиндан танишиб, улкан таассурот оласиз, – деди маданият ва туризм вазири. – Шунингдек, соҳа ривожига доир таклиф ва мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашасиз деган умиддамиз.
Мулоқот чоғида соҳада таълим сифатини яхшилаш мақсадида салоҳиятли кадрларни етиштириш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилгани муҳокама қилинди.
Тизимдаги таълим муассасаларини зарур ўқув қўлланма ва ноталар тўпламлари билан таъминлаш учун 19 номдаги ўқув қўлланма ва ноталар тўпламларини 158 минг 965 нусхада чоп этилди ҳамда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 6 миллард 400 миллион сўм маблағ ажратилди.
Жорий йил январь-июнь ойлари давомида 492 та концерт-томоша тадбирлари ташкил этилиб, 5 миллион 260 минг аҳоли қамраб олинган. Ушбу давр ичида театрларда 6353 та спектакль сеанслари ўтказилган.
Хорижий иштирокчилар 25 давлатда “Ўзбекистон маданияти кунлари”, туризм кўргазмалари, 7 та хорижий гастроль ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси 13 нафар аъзосининг хорижда кўргазмалари ташкил этилганини юқори баҳолашди.
Маданият муассасалари тармоғини янада кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳолига сифатли маданий ва кўнгилочар хизматлар кўрсатиш мақсадида қиймати 144,2 миллиард сўм бўлган 33 та давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланган.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Шаҳрисабз шаҳрини 2024 йилда туризм пойтахти сифатида эълон қилгани, бу ўз навбатида, шаҳарни Марказий Осиё, Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Туркия ва Покистон давлатларида тарғиб этиш ва сайёҳларни жалб қилишга имкон яратиши хусусида сўз борди.
Конференциянинг иккинчи қисмида “Ўзбекистон маданий меросининнг туризмни ривожлантиришдаги ўрни” мавзусига бағишланган сессия бўлиб ўтади. Батафсил маълумот берилади. ЎзАни кузатиб боринг.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА