Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан “Бош режаларнинг бугуни ва келажаги. Ривожланишдаги янги ёндашувлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Уч сессиядан иборат семинарда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг қурилиш соҳасига дахлдор вакиллари иштирок этди. Шаҳарсозликни ривожлантириш ва бош режаларни ишлаб чиқишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва имкониятлари кўриб чиқилди.

Семинарда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Даврон Одилов Ўзбекистон Республикасида қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирди.

– Мамлакатимизда қурилиш ишлари кўлами йил сайин ортиб бормоқда, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Даврон Одилов. – Жумладан, республикада жами қурилиш ишлари ҳажми 2020 йилда 88 триллион сўмни, 2021 йилда эса 108 триллион сўмни ва 2022 йилда эса 131 триллион сўмни ташкил этди. Сўнгги йилларда қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича 27 та Президент ҳужжатлари ва 24 та Ҳукумат қарори қабул қилинган. Бундан ташқари, Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрири қабул қилинди. Шунингдек, 2021-2025 йилларда қурилиш тармоғини модернизация қилиш ва инновацион ривожлантириш бўйича стратегия ва “йўл харитаси” тасдиқланди. Мамлакатимизда ўтган 6 йил давомида шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари бўйича жами 1 минг 370 та шаҳарсозлик ҳужжатлари, шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида жами 1 минг 944 та аҳволи оғир маҳаллаларнинг бош режа схемалари ишлаб чиқилди.

Жорий йилда яна 225 та шаҳарсозлик ҳужжатлари, жумладан, 11 та шаҳар ва 50 та шаҳарчалар бош режалари, 42 та ҳудуднинг мастер режалари ҳамда 122 та қишлоқнинг бош режаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, республикада биринчи маротаба жойлаштиришнинг бош схемаларини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу масалада бош схемаларни ишлаб чиқиш бўйича малакали ва тажрибали кадрларга талаб мавжуд. Шу сабабли шаҳарсозлик соҳасида фаолият юритган хорижий тажрибага эга мутахассисларни маслаҳатчи сифатида бош лойиҳа институтларига жалб қилиб келмоқдамиз.

Семинарга таклиф этилган халқаро ва маҳаллий экспертлар, архитекторлар, лойиҳа ташкилотлари вакиллари, соҳада таҳсил олаётган талабалар шаҳарсозликни ривожлантириш ва бош режаларни ишлаб чиқишда ўзини оқлаган халқаро тажрибалар билан танишиш, ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўладилар.

Соҳага замонавий нормалар ва технологияларни татбиқ қилиш мақсадида илғор хорижий давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Сейсмика ва зилзилага оид норматив ҳужжатлар бўйича Япония билан ҳамкорлик қилинмоқда. Қурилиш нормаларини геология, табиий-иқлим ва сейсмик хусусиятларни инобатга олган ҳолда хорижий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича Жанубий Корея билан ҳамкорликда эксперт-консультантлар жалб этилган. Шу билан бирга, мамлакатимизда 7 та илғор мамлакатларнинг, жумладан, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Хитой, Корея, Россия, АҚШ, Япониянинг қурилиш соҳасидаги техник-норматив ҳужжатлари ҳам қўлланмоқда.

Буюк Британиянинг “Беной” компанияси ижрочи директори Джон Доус «Бош режаларни ишлаб чиқишда муваффақиятли ва нотўғри қарорлар» мавзусида маъруза қилди. Тажрибали мутахассис шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, бош режаларни лойиҳалаштиришдаги талаблар, бу борадаги хорижий кейсларнинг қиёсий таҳлили, натижадорлик кўрсаткичларга тўхталиб ўтди.

Семинарнинг иккинчи қисмида вазирликнинг Архитектура бошқармаси бошлиғи Ш.Атажанов соҳада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан мулоҳаза юритди. Таъкидланганидек, ўтган 6 йил вақт давомида қурилиш соҳасида 537 та техник-норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди. 9 та техник регламент, 273 та стандарт янгиланди. Бундан ташқари биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга оид 10 та норматив ҳужжат Европа стандартлари асосида такомиллаштирилди.

Шунингдек, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда “ҳажм” услубидан фойдаланиш амалиёти жорий қилинмоқда. Эксперимент тариқасида 2024 йил дастурига киритилган айрим ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларида “ҳажм” услубини қўллаш режалаштирилган ҳамда ушбу усулларни жорий қилиш бўйича тегишли норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Эксперимент натижаси бўйича “ҳажм” услубини қурилишнинг бошқа соҳаларига қўллаш ҳамда қурилиш объектларининг умумий сонида ушбу услуб улушини 2025 йилда 50 фоизгача етказиш кўзда тутилган.

Семинарда халқаро ҳамкорлар мамлакатимизда ўрта шаҳарларни ривожлантириш мавзусида тақдимот ўтказди.

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА