Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида халқаро ташкилотлардан ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларни ҳамда ОАВ вакилларини аккредитация қилишга доир масалалар шулар жумласидандир.

Сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар бўйича кўрилган чоралар комиссия аъзолари томонидан муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди. Қайд этилганидек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган барча мурожаатларга Марказий сайлов комиссияси томонидан қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда ҳамда ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолдирилмаяпти.

Мажлисда Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, МДҲ, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси каби ташкилотлар ҳамда бир қатор хорижий давлатлардан жами 401 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 42 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди ва бу ҳақда қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлардан ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларнинг умумий сони 785 нафарни, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 1 минг 299 нафарни ташкил этмоқда.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА