Маълумки, сайловларни ҳар томонлама демократик руҳда ўтишида сайлов комиссиялари, уларнинг аъзолари ўрни ва роли ниҳоятда муҳимдир. Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайловларни белгиланган талаблар даражасида ташкил этиш ва ўтказишда тегишли тизимлашган сайлов комиссияларининг фаолият юритиши назарда тутилган.

ЎзА мухбири сайлов комиссиялари ва уларнинг вазифалари хусусида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, эксперт гуруҳи аъзоси Шерзод Зулфиқоровнинг фикрлари билан қизиқди.

– Сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда қуйидаги сайлов комиссиялари фаолият олиб борада, – дейди Шерзод Зулфиқоров. – Улар марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссияси, участка сайлов комиссиясидир. Мазкур сайлов комиссияларини шакллантириш ва фаолиятини ташкил этишда фойдаланиладиган бир қанча қонунчилик ҳужжатлари мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомлар шулар жумласидандир.

– Марказий сайлов комиссияси мақоми қандай ва унинг аъзоси бўлиш учун қонунчилигимизда қандай талаблар белгилаб қўйилган?

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 129-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади, ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига амал қилиши белгилаб қўйилган. Марказий сайлов комиссияси алоҳида конституциявий орган бўлиб, у доимий тарзда фаолият олиб боради. Баъзи бир давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Германия, Австрия, Францияда Ички ишлар вазирлиги, Финляндияда Адлия вазирлиги сайловлар билан шуғулланади. Ушбу органлар фақатгина сайловлар ўтказиш давридагина жараёнга ўз эътиборини қаратади.

Дарҳақиқат, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш учун учун бевосита ташкил этилган. Умумлаштирилган ҳолда айтиш мумкинки, Марказий сайлов комиссияси Президент сайловини ўтказиш учун тузиладиган сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида кодекс ижроси устидан назоратни амалга оширади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди.

Хабарингиз бор, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси жорий йилнинг 10 майидан бошланиши эълон қилинди.

Эътиборлиси, Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади. Айни бир шахснинг сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.

Эътибор қаратадиган бўлсак, ҳозирги кунда Марказий сайлов комиссияси таркиби 21 кишидан иборат бўлиб, мазкур таркибнинг 7 нафар аъзоси аёллардан иборат. Демакки, мамлакатимизда гендер тенглик масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.

БМТ хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам жуда катта эътибор қаратиб келмоқда. 1952 йил 20 декабрдаги “Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциянинг 1-моддасида аёлларнинг ҳеч бир камситишларсиз эркаклар билан тенг шароитларда барча сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Мазкур ҳужжатнинг 2-моддасида эса “аёллар ҳеч бир камситишларсиз эркаклар билан тенг шароитларда миллий қонунчиликда белгиланган сайлашни талаб қиладиган ташкилотларга сайланиши мумкинлигига оид нормалар мавжуд.

– Округ ва участка сайлов комиссияси ваколатлари ва аъзо номзодларга қўйиладиган талаблар нималардан иборат?

– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини ташкил қилиш ва ўтказишда округ ва участка сайлов комиссияларининг ўрни ва роли ниҳоятда юқори. Дарҳақиқат, Сайлов кодексининг 21-24-моддаларида округ ва участка сайлов комиссияларининг ҳуқуқий мақомига алоҳида тўхталиб ўтилган. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади. Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияси таркиби — комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг 8 – 18 нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Сайлов кодекси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида»ги низом(2021 йил 14 апрель)да белгиланган қоидалардан келиб чиқиб, округ сайлов комиссияси ваколатларига: тегишли ҳудудда Сайлов кодексининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш; сайлов участкаларини тузиш; участка сайлов комиссияларини тузиш ва участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш; номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этиш учун тенг шароитларни таъминлаш; сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ва уларни тегишинча Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш каби муҳим ваколатларни бевосита амалга оширади.

Сайлов кодекси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида»ги низом(2021 йил 14 апрель)да белгиланган қоидалардан келиб чиқиб, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилиши белгилаб қўйилган. Эътибор қаратиш керакки, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Сайлов жараёнида участка сайлов комиссиясининг қуйидаги муҳим ваколатларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Улар участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади; сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан тўлдирилган сайлов бюллетенларини ёпиқ конвертларда қабул қилиб олади; бинонинг яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари ва сайлов қутилари, шунингдек, бошқа жиҳозлар билан тайёрлаб қўйилишини таъминлайди; сайлов куни участкада овоз беришни ташкил этади; овозларни санаб чиқади ва шу каби бошқа ваколатларни санаб ўтиш мумкин.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, сайлов жараёнларининг юқори савияда ташкил этилиши ва ўтказилишида сайлов комиссияларининг ўрни ва роли ниҳоятда муҳимдир. Шунинг учун ҳам сайлов комиссиялари ўзларига юклатилган вазифа ҳамда мажбуриятларни сидқидилдан, виждонан бажаришлари лозим бўлади.

 

ЎзА мухбири Абдулазиз Рустамов ёзиб олди.