Шу йилнинг 1-7 июль кунлари Италия пойтахти Римда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг 43-конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Конференция давомида турли сессиялар ташкил этилиши белгиланган. Унда ишлаб чиқаришни такомиллаштириш орқали сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат истеъмоли сифатини яхшилаш, атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ҳамда ҳаёт тарзини такомиллаштиришга оид қатор масалалар муҳокама қилинади. Ягона ва конструктив ечимлар белгиланиши кун тартибидан ўрин олган.
Ўзбекистон делегациясининг мазкур ташкилот тадбирларида иштироки бошланди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги вазири А.Воитов конференция доирасида ФАО бош директорининг ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Владимир Рахманин билан учрашди.
Учрашувда вазир ташкилот билан ҳамкорлик жўшқин бораётганлигини қайд этди. Ўзбекистон томони қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ва мамлакат озиқ-овқат тизимини қайта ташкил этишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ФАОнинг ролини юқори баҳолашини маълум қилди. Учрашувда ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолиятини кенгайтириш лозимлиги таъкидланди, кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, шу мақсадда ўзбекистонлик ёшлар учун қўшма дастур ташкил қилиш таклифи ўртага ташланди.
Азиз Воитов таъкидлаганидек, 7-8-сентябрда Самарқандда ФАО билан ҳамкорликда Озиқ-овқат хафсизлигига бағишланган халқаро конференция ташкил этилади. Учрашувда ушбу глобал аҳамиятга эга тадбирни ўтказишга оид ташкилий масалалар ҳам муҳокама этилди.
М.Комилова, ЎзА