Жаҳон ҳамжамияти яна бир йирик сиёсий воқеа арафасида турибди. 4 июль куни Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида ШҲТнинг йиллик саммити бўлиб ўтади. Анжуманда Ўзбекистон Президенти иштирок этиб, нутқ сўзлаши кутилмоқда. Айни мавзуда фикрлашиш учун Тошкент  давлат шарқшунослик университети профессори Сайфиддин Жўраев ҳамда мустақил тадқиқотчи Гулбаҳор Ҳамроқулова билан суҳбатлашдик.

– Эртага, 4 июль куни ШҲТ йиллик саммити бўлиши кутилмоқда. Сўнгги саммит 2022 йил Ўзбекистоннинг қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳрида бўлиб ўтган эди. Бу галги тадбир ва Самарқанд саммитида қабул қилинган қарорларнинг аҳамияти, амалиётга татбиқ этилиши ҳақида сўзлаб берсангиз.

С.Жўраев: – Алоҳида таъкидлаш мумкинки, Самарқанд саммити йирик сиёсий тарихий воқеага айланди. Ташкилот фаолиятини янги босқичга олиб чиқиб, трансформацион ўзгаришларни бошлаб берди.

Дунёда вазият борган сари мураккаблашмоқда. Айрим давлатлар ўртасида келишмовчилик, ҳарбий-сиёсий можаро авжига чиқмоқда. Бу жаҳон халқлари ҳаётига, давлатлар иқтисодий тараққиётига салбий таъсир қиляпти. Шундай ҳолатда ўзаро мулоқотга асосланган ҳамкорлик платформасига эҳтиёж кундан-кун ортмоқда. Очиғини айтиш керак, Самарқанд саммитидан кейин ШҲТнинг шундай халқаро-минтақавий платформага айланиши жараёни кучайди.

Ташкилот фаолият бошлаган дастлабки даврда масалаларни келишув ва мулоқот шаклида кун тартибига олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилиб, “Шанхай руҳи” ибораси пайдо бўлган эди. Бугун дунё сиёсатида шунга ҳамоҳанг “Самарқанд руҳи” тушунчаси кириб келди. Тинчликни таъминлаш, нафақат ташкилотга аъзо давлатлар, балки бутун Евросиё минтақаси ривожланишига хизмат қиладиган қарорларни қабул қилиш ва амалга оширишда Самарқанд саммитининг аҳамияти ошиб бормоқда. Инқироз ва танглик, охири нима билан тугашини билиб бўлмайдиган зиддиятлар кучайиши шароитида Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракати дунёдаги вазиятни ўзгартиришга туртки берди. Ўйлаймизки, бу галги саммит доирасида қабул қилинадиган қарорлар ҳам нафақат тегишли ҳудуд, балки бошқа минтақаларда ҳам барқарорлик, тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.

– Тузилманинг ривожланиш суръати ҳақида қандай фикр билдириш мумкин?

Г.Ҳамроқулова: – Аввало, 2001 йил ташкил топган ташкилот ҳарбий блок эмас, мудофаа функциясини бажара олмайди.

Ташкил этилганидан буён асосий мақсадлардан бири сифатида терроризмга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатни бирлаштириш белгиланган. ШҲТ босиб ўтган йўлга назар солсак, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни, тинчликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётганига гувоҳ бўламиз. Дарҳақиқат, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида турли  таҳдидлар – терроризм, экстремизм, сепаратизм, гиёҳвандлик, трансчегаравий уюшган жиноятчилик, ахборот технологияларидан ноқонуний мақсадда фойдаланишга қарши курашишни ўз ичига олган хавфсизлик соҳасидаги фаолият муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозир ШҲТнинг минтақавий ташкилот сифатида дунёда кечаётган жараёнларга мос равишда сезиларли даражада ривожланиши кузатилмоқда. Муҳим стратегик фактларга эътибор берайлик. Аъзо давлатларда дунё аҳолисининг, деярли, ярми истиқомат қилади, ШҲТ майдони ер юзининг тўртдан бир қисмини эгаллаган, умумий ЯИМ 23 триллион доллардан ошади. Кейинги йилларда энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эпидемияга, иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича шериклик йўлга қўйилди.

Сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт, маданият, халқаро муносабатлар каби ўнлаб турли йўналишларда ҳамкорлик ривожланмоқда. Айтиш мумкинки, ШҲТ ўз фаолияти давомида сиёсий ва маданий анъаналари хилма-хил бўлган давлатлар ўзаро тинч-тотув яшашини таъминламоқда, ҳар томонлама манфаатли шериклик учун қулай муҳитни муваффақиятли яратиб, улкан ижобий натижаларга эришмоқда.

Кўриниб турибдики, ташкилот доирасидаги ҳамкорлик кўлами сезиларли даражада кенгайиб, турли соҳаларда шаклланиб, ривожланмоқда. Бу ҳолат иштирокчи давлатлар ўртасидаги муносабатни юқори даражага кўтариб, умумий манфаатларни акс эттирмоқда. Ўз навбатида, аъзо давлатларнинг дўстона, яхши қўшничилик муносабати учун шарт-шароит, имконият яратмоқда.

Сайфиддин ака, Самарқанд саммитида ташкилот яна кенгайди. Бу жараён қандай давом этади, аъзоларнинг ўзига хос хусусияти нимада намоён бўлмоқда?

С.Жўраев: – Дарҳақиқат, Самарқанд саммитининг муҳим стратегик  натижаларидан бири – ташкилотнинг кенгайиш томон қадам қўйиши йирик бурилишдир. Анжумандан сўнг ташкилот кўпчиликнинг эътиборини торта бошлади. Масалан, 2023 йил Эрон расман аъзо давлатга айланди, Саудия Арабистони мулоқот бўйича ҳамкор мақомини олди, Беларус ташкилотга аъзолик тартибидан бохабар қилинди. Туркия ва бошқа давлатлар ҳам ШҲТга интилмоқда.

Фикримизча, географик қамров янада кенгаяди. Айни пайт ташкилотга саккиз давлат аъзо. Тўрт кузатувчи бор – Эрон, Беларусь, Мўғулистон ва Афғонистон. Эрон ва Беларусь аъзолик остонасида.

Шу йил май ойида ШҲТ Вазирлар кенгашининг Ҳиндистонда бўлиб ўтган йиғилиши доирасида мулоқот бўйича шерик мақомини тўрт давлат – Қувайт, Мальдив ороллари, Мьянма ва Бирлашган Араб Амирликларига бериш бўйича меморандумлар имзоланди. Бундан ташқари, Баҳрайн учун мулоқот бўйича шерик мақомини расмийлаштириш иши тугамоқда. Кузатувчи давлат мақомини олиш учун олти, мулоқот бўйича шерик мақомини олиш учун уч давлат мурожаат қилган.

Фикримизча, бундай қизиқишнинг сабаби, биринчидан, “Шанхай  ва Самарқанд руҳи” тамойилларига асосланган ҳолда ташкилот доирасида ўрнатилган меъёр ва қадриятлар тобора эътироф этилаётгани билан боғлиқ. Қолаверса, ШҲТ очиқ ташкилот.

ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги фаолияти асосини ташкил этадиган қуйидаги тамойилларда намоён бўлмоқда: тузилма турли блоклардан холи мақомга эга, очиқ, бошқа мамлакат ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаган, барча иштирокчи томонлар тенглиги ва суверенитети ҳурмат қилинади, бир-бирининг ички ишига аралашилмайди, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақобатга йўл қўйилмайди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суриш.

Гап ШҲТда “Шанхай руҳи”ни ташкил этувчи тамойиллар, биринчи навбатда, ўзаро ҳурмат ва ишонч, ички ишларга аралашмаслик, барчанинг тўлиқ тенг ҳуқуқлилиги тамойили асосида шаклланган муносабат муҳити ҳақида бормоқда. Ҳар бир аъзо давлат фикрини тушуниш ва ҳурмат қилиш асосида умумий нуқтаи назарни белгилаш, умумий манфаатлар текислигида биргаликда ҳаракатланиш устуворлик касб этади. Бундай ҳамкорлик аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва яхши муносабат ўрнатиш учун қулай муҳит яратади.

Шунингдек, ўзаро ишонч мустаҳкамланиб бориши, улкан минтақада хавфсизлик ва барқарорликни самарали таъминлаш бўйича аниқ ташаббус, амалий натижалар кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Бошқа томондан минтақавий иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт, аъзо давлатлар, халқлар ўртасида гуманитар алмашинув, ўзаро тушуниш ва дўстона алоқа, бошқача айтганда, халқона ва маданий дипломатия ривожланиши учун барча шарт-шароит яратилиши жозибадорликни янада кучайтирмоқда.

– Кўпчиликни қизиқтираётган савол: ШҲТнинг дунёдаги халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан алоқаси қандай? Бошқа тузилмалар билан рақобат муҳимми ёки ҳамкорлик?

– С.Жўраев: – Кўп томонлама ташкилот сифатидаги фаолиятининг асосий йўналиши тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, шунингдек, тараққиёт ва фаровонликка кўмаклашишдан келиб чиқиб, ШҲТ БМТ каби халқаро ташкилотлар билан очиқ ҳамкорлик қилиб келмоқда. БМТ ихтисослашган идоралари билан расмий алоқа ўрнатилган. Умуман, ШҲТ БМТнинг халқаро миқёсдаги марказий ролини фаол қўллаб-қувватлайди ва ташиклот фаолиятининг фаол ва масъулиятли иштирокчиси ҳисобланади.

Бу борада ШҲТ қуйидаги қоидаларга асосоланади: кўп томонлама ёндашув, таҳдидларга биргаликда жавоб бериш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига асосланган кўп қутбли дунё тартибини барпо этиш, тенг, умумий, ажралмас, кенг қамровли ва барқарор хавфсизлик ва цивилизациялар хилма-хиллиги.

Бу жараёнда ШҲТ БМТ ва ихтисослашган идоралар билан ҳамкорликка алоҳида аҳамият беради. Бу тамойил аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши декларацияларида ифодасини топган. БМТ Бош Ассамблеясининг 2004 йил 2 декабрдаги 59/48-резолюцияси қабул қилингандан бери ШҲТ БМТ ҳузурида кузатувчи мақомига эга. 2009 йилдан бошлаб Бош Ассамблеянинг БМТ ва ШҲТ ҳамкорлигига оид еттита резолюцияси қабул қилинган.

2005 йил ШҲТ Котибияти ва МДҲ Ижроия қўмитаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Икки тузилманинг доимий органлари мунтазам алоқада, ўзаро тажриба алмашиб келади. Ҳозирги кунда ўзаро ҳамкорликни замонавий талаб асосида ривожлантириш, ўзаро алмашинувни режали асосга ўтказишнинг янги шаклларини ишлаб чиқишга ҳаракат қилиняпти.

Европа Иттифоқи ва ШҲТ ўртасидаги илк мулоқот 2004 йил ташкил этилган. Шундан буён вақти-вақти билан учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

ШҲТ бошқа ташкилотлар билан рақобатлашмайди, балки ҳамкорлик қилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биринчидан, ҳозирги давр ва жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг ягона йўли – конструктив мулоқот, ҳар бир томоннинг манфаатини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп ёқлама ҳамкорлик. Бу борада барча халқаро ташкилотлар бир-бирини тўлдиради.

Айнан инқироз ва бўҳрон даврида мамлакатлар, хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, тор доирадаги манфаатини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратиши лозим. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қандай мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат, имкониятни бирлаштириш ҳамда сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир.

Қолаверса, самарали халқаро ҳамкорлик барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади.

– Деҳли саммитининг кун тартиби ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

– Г.Ҳамроқулова: – Навбатдаги саммитда Самарқандда қабул қилинган декларация асосида ва ташкилот олдидаги вазифалардан келиб чиқиб, қатор долзарб вазифалар муҳокама килиниши, муҳим қарорлар қабул қилиниши кутиляпти. Ҳиндистон Ўзбекистондан раисликни қабул қилган 2022 йил сентябридан буён ташкил этилган тадбирларга назар ташланса, ўзига хос бир жиҳатни кўриш мумкин. Маълумки, қадимий анъана, бой тарих ва маданиятга эга Ҳиндистон шу даврда бир неча йирик маданий тадбир ўтказди ва бу саъй-ҳаракат аъзо давлатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Ҳиндистоннинг инновацияга катта эътибор бериш сиёсатидан келиб чиқсак, Деҳли саммитининг диққатга сазовор хусусиятларидан бири илм-фан, технология ютуқлари, инновацион корхоналарни оммалаштиришга қаратилиши аён бўлади.

Шу ўринда ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши муваффақиятли ўтганини таъкидламоқчиман. Табиийки, олий даражадаги саммит ШҲТ ривожида яна бир ёрқин из қолдириши учун барча асос бор.

– Мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдираман.

Аброр Ғуломов тайёрлади.

ЎзА