Ҳуқуқий муносабат(рукн)
Маълумки, республикамиз ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олингандан кейин амалга оширилади.
Хўш, мумкин бўлган хулосалар ичида голограмма бўлиши керакми? Шу каби саволларга ҳуқуқшунос Мухриддин Шамсиддинов қуйидагича жавоб берди.
–Мазкур саволга Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом асосида жавоб бериш мумкин. Низомнинг 2-бандига кўра голограмма — белгиланган диний мазмундаги материалларни тарқатиш учун рухсат берилганини билдирувчи махсус эмблема ҳисобланади.
Диний мазмундаги материаллар деганда эса диний таълимотнинг ақидавий асосларини, тарихини, диний таълимот мафкурасини ва шарҳларни, турли диний таълимотларнинг маросимлар ўтказиш амалиётини, шунингдек, алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний нуқтаи назардан баҳосини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар, бошқа босма нашрлар, белгилар, предметлар, рамзлар, аудиовизуал асарлар (теле, кино ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар ва бошқалар), электрон ахборот ташувчилар (дискетлар, CD, DVD дисклари, ўрнатилган ва ечиб олинадиган хотира карталари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган материаллар ва бошқалар) тушунилади.
–Ижобий хулоса олинмаса, голограмма берилмайдими?
–Эътибор қаратиш керакки, Низомнинг 11-бандига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ҳамда илмий-тадқиқот ўтказиш мақсадларида ҳар бир номланишдаги материалдан уч нусхадан ошмаган миқдорда ижобий хулоса олингандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишига йўл қўйилади. Диний ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган материаллар ижобий хулоса олингандан кейин голограмма билан тамғаланиши лозим.
Ижобий хулоса олинмаган ва голограмма билан тамғаланмаган материаллар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланади. Мазкур тартибга амал қилмаган ҳолда олиб кирилган материаллар учун олиб кирувчи шахс жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур Низомнинг 29-бандига асосан ижобий хулосага кўра олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатишга тақдим этилган материаллар ваколатли органнинг махсус голограммаси билан тамғаланади.
Электрон кўринишдаги материаллар ваколатли орган томонидан берилган ижобий хулосанинг санаси ва рақами ҳамда материалнинг муаллифи ва номланиши (агар мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код билан тасдиқланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА