ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани “Гужимли” маҳалла фуқаролар йиғинда 4 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Ҳудудда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ўтган 2022 йил маҳаллада 2,1 километр узунликдаги электр энергия тармоғи янгиланди, 3,5 километр табиий газ қувури таъмирланди, 10 километрли сув тармоғи тортилди, 3,5 километр узунликдаги ички йўлларга қум ва шағал аралашмаси ётқизилди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида 52 нафар ишсиз фуқарога тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиши учун  банк томонидан 1 миллиард 526 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Натижада, маҳалла ҳудудида 13 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ўрни ташкил қилиниб, жами 30 нафарга яқин киши иш билан таъминланди.

2022 йил туман ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар ёрдами билан маҳалла фуқаролар йиғини биноси ҳамда замонавий футбол ва спорт майдончалари бунёд этилди.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 55 нафар фуқарога ўзини ўзи банд қилиши учун 16 дона тикув машинаси, 12 дона электропечь, 27 нафар фуқарога турли иш қуроллари, асбоб-ускуналар топширилди. Маҳалла ҳудудида жойлашган “Био илм лабораторияси” масъулияти чекланган жамиятига эса 2 сотих майдонда иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит олишда ёрдам кўрсатилди.

– Лабораториямиз тумандаги деҳқончилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликларига шартнома асосида олтинкўз, бракон, трихограмма каби биомаҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланади, – дейди “Био илм лабораторияси” раҳбари Р. Жондавлатов. – Ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан биолаборатория қошида иссиқхона ташкил этдик. Ҳозирда бу ерда пишиб етилган бодринг ва помидор маҳаллий бозорга етказиб берилмоқда.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА