Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Қоидалар қўмитаси раиси Талал Фаҳад ал Аҳмад ал Сабаҳ билан ўтказилган учрашувда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Мулоқот жараёнида Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов юртимизда олимпия ҳаракати ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига қаратилаётган эътибор, «Ханчжоу-2022» Осиё ўйинлари ва “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари хусусида сўз юритди.

Ўз ўрнида, мартабали меҳмон Ўзбекистоннинг қитъа олимпия ҳаракатида тутган ўрни, халқаро спорт оламида юртимиз спортчилари қўлга киритаётган ютуқлар, шунингдек мамлакатимиз минтақанинг энг фаол спорт мамлакатларидан бирига айланаётганини таъкидлади.

Қайд этиш жоиз, Талал Ал Сабаҳ жорий йил 8 июль куни ўтадиган ООК президентлигига сайловда номзодлардан бири ҳисобланади.

Учрашув давомида у ўзининг режалари, ООК ва қитъамиз спортини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Самимий руҳда ўтган суҳбат давомида нафақат ООК, балки Қувайт ва Ўзбекистон спортидаги ҳамкорликнинг янги қирралари хусусида фикр алмашилди.

Т.Рўзиев, ЎзА