Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон махсус олимпиадасида иштирок этган ўзбекистонлик ирода ва матонат соҳиблари 33 та медални қўлга киритди.
Ватанимиз спорт шуҳратини улуғлаган ҳамюртларимиз бугун эрта тонгда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Ушбу нуфузли мусобақада ҳамюртларимиз муносиб иштирок этиб, 5 та олтин, 14 та кумуш ва 14 та бронза, жами 33 та медални қўлга киритди.
Кутиб олиш маросимида Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, спортчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Вазир ўринбосари ҳамюртларимизни Бутунжаҳон махсус олимпиадасидаги муносиб иштироки билан қутлаб, кейинги мусобақаларда омад тилади.
Т.Рўзиев, ЎзА