Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни номзоднинг Жиззах вилояти бўйича ишончли вакили Байрамбек Узоқов очди. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида вилоятда катта ислоҳотлар амалга оширилгани, шаҳар ва туманлар ҳар томонлама ривожланаётгани таъкидланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.
Номзод дастлаб вилоятда келгуси етти йилда таълимни ривожлантиришга оид режалари ҳақида тўхталди.
– 400 та янги боғча ташкил этиш ҳисобига вилоятда мактабгача таълимга эҳтиёж тўлиқ – 100 фоизга қопланади. 2030 йилга қадар янги мактаблар қуриш, мавжудларининг қувватини ошириш, шунингдек, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳисобига қўшимча 75 минг ўқувчи ўрни яратилади. Натижада бирорта туманда 30 нафардан кўп бола ўқийдиган мактаб синфлари қолмайди (ҳозирда бундай синфлар сони 1 мингта). Бунда барча мактаблар замонавий компьютер синфи, интерактив доска ва ўқув лабораторияси билан жиҳозланади. Барча боғча ва мактабларда ўғил-қизларимиз учун фильтрланган ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Келгуси етти йилда Жиззахда 85 та тиббиёт муассасаси қурилиши ва таъмирланиши маълум қилинди.
– Хусусан, аллергология, урология, нейрохирургия каби 12 та ихтисослашган марказ филиаллари ишга туширилади. Ғаллаорол ва Пахтакорда туманлараро перинатал марказлар очилади. Бундан ташқари, вилоятда болалар юрак жарроҳлиги йўлга қўйилади. Бунинг ҳисобига ҳар йили 500 нафардан зиёд юрак нуқсони бор болаларда мураккаб операциялар ўтказилади, – деди номзод.
Сайловолди дастурида Жиззах вилояти аҳолиси турмуш шароитини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
– Одамларимизнинг уй-жойга эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар 25 минг оилага мўлжалланган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади. Вилоятда энг долзарб бўлган ичимлик суви масаласига эътиборни янада кучайтирамиз. Келгуси йилда Зарафшон дарёсидан 160 километр магистрал қувурни тортиш ҳисобига Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги 600 минг аҳолининг сув таъминоти тубдан яхшиланади. Сув таъминоти оғир бўлган 100 та маҳаллада 2 минг километр ичимлик суви тармоқлари ўтказилади. Натижада, 320 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади. Умуман, 2030 йилга қадар вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда Жиззахда Хитой компаниялари билан ҳамкорликда электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши маълум қилинди.
– Жиззахда автомобилсозлик кластери фаолияти йўлга қўйилиб, жами 700 миллион долларлик инвестиция киритилади. Хусусан, Хитой компаниялари билан 80 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига яна 50 мингта автомобиллар ишлаб чиқариш бошланади. 130 миллион доллар инвестиция ҳисобига электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва келгуси йилларда қуввати 300 минг донага етказилади.
Шунингдек, кореялик ҳамкорлар билан биргаликда 235 миллион долларлик лойиҳа доирасида автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми 200 минг донага етказилади, – деди номзод.
Вилоятда электр энергияси ишлаб чиқариш борасида қилинадиган режалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
– Саноатни ривожлантириш учун барқарор электр энергияси зарур. Бу борада Фориш ва Ғаллаоролда Хитой ва Бирлашган Араб Амирликлари компаниялари билан жами 750 Мегаватт қувватга эга 700 миллион долларлик қуёш станциялари ишга туширилади. Шароф Рашидов туманида Туркия компаниясининг 350 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобига 450 Мегаваттли замонавий буғ-газ қурилмаси барпо этилади. Шунингдек, 4,5 минг километр электр тармоқлари ва 1 минг 100 дан ортиқ трансформатор янгиланади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жиззахлик сайловчилар билан учрашувда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда иқтидорли ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлашга оид режалари ҳақида алоҳида тўхталди.
– Ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”ни ташкил қиламиз. Ушбу марказ ёшларимиз учун чинакам “лойиҳалар фабрикаси” бўлади ва унга эркин иқтисодий зона мақоми берилади. Ушбу Марказда лойиҳа офислари жойлаштирилиб, ёшлар ғояларини “тайёр бизнес”га айлантиришга кўмаклашади. Шунингдек, Марказ ҳудудида саноат зоналари ва “стартап” лойиҳалари учун коворкинг майдончалари бўлади.
Туманлардаги жами 210 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарига эса Марказларнинг филиали мақоми берилади ва уларда “лойиҳа гуруҳ”лари иш юритади, – деди номзод.
Энди “Топ-100” олийгоҳга кирган ўғил-қизларимизга “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари қўшимча имтиҳонларсиз ажратилиши маълум қилинди.
– Дунёнинг “Топ-100” талик олийгоҳига грантга кираётган ўғил-қизларимиз сони тобора кўпаймоқда. Мамлакатимизнинг “Олтин фонди” бўлган ушбу иқтидорли ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур. Энди уларга “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари қўшимча имтиҳонларсиз ажратилади. “Топ-500” олийгоҳ грантини олган фарзандларимизга авиачипта ва ётоқхона харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Бу мақсадлар учун ҳар йили 200 миллион доллар ажратилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қўқон каби туристик мажмуаларда, шаҳар ва туманлардаги марказий паркларда “Очиқ осмон остида кутубхона”лар ташкил қилиниши айтилди.
– Шу билан бирга, ўз ҳисобидан кутубхона барпо этаётган ташаббускорга 1 мингтадан ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари олиб берилади. Улар давлат ҳисобидан компьютер билан жиҳозланиб, Миллий кутубхона базасига уланади, – деди номзод.
Учрашувда партия вакиллари ва меҳмонлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА