Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда округ сайлов комиссияси раиси Т.Атамуратов шу йилнинг 9 июль куни ўтказиладиган Президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Мазкур сиёсий жараённинг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашда, унга тайёргарлик жараёнларини кенг ёритиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳимлиги қайд этилди. Бу борада журналистларга ахборотларни тезкор етказиш мақсадида 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ташкил этилиб, унга тажрибали, олдин шу каби сиёсий тадбирларда иштирок қилган журналистлар жалб этилди.
Таъкидланганидек, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ишлари қизғин паллага кириб бормоқда. Округ сайлов комиссияси аъзоларининг 74 фоизи олдин ҳам сайлов ва референдум жараёнларида иштирок қилган тажрибали ходимлардир. 1-Қорақалпоғистон округи ҳудудида 654 та сайлов участкаси тузилган бўлса, мазкур сайлов участкаларига маҳаллий ҳокимликнинг тавсиясига кўра, сиёсий жараёнларда тажрибага эга 6 минг 266 нафар комиссия аъзоси тасдиқланди. Ушбу комиссия аъзоларининг 50,9 фоизи хотин-қизлардан иборат. Комиссия аъзоларини қорақалпоқ, ўзбек, рус, туркман ва бошқа миллат вакиллари ташкил этади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Конституциявий қонуни ҳамда “Сайлов кодекси” га киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар учун қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Сайлов кодексига киритилган мазкур ўзгартиришга кўра, жорий сайловда Қўнғирот туманидаги жазони ўташ муассасасида 360-сонли сайлов участкаси ташкил этилганлиги қайд этиб ўтилди.
Сайлов участкаларининг бинолари сайлов қонунчилигида кўрсатилган талабларга тўғри келиши бўйича доимий мониторинг ўрнатилган. Нукус шаҳрида жойлашган 83 та участканинг барчаси тўлиқ кўздан ўтказилди, аъзолар ўзларига бириктирилган туманларга чиқиб, сайлов участкаларини кўздан кечирмоқда.
Матбуот анжумани 1-Қорақалпоғистон округ комиссиясининг Матбуот маркази раҳбари М.Қутлимуратов бўлажак Президент сайловини ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни ёритишга тайёргарлик ишларига тўхталди. Шунингдек, ҳозирги кунгача Президент сайлови жараёнларини ёритишда иштирок қилишни сўраб, мурожаат қилган Қорақалпоғистон Республикасидаги оммавий ахборот воситаларининг 90 нафар вакили аккредитациядан ўтганлиги маълум қилинди.
Тадбир якунида журналистлар ушбу сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва сайлов куни жараёнларни ёритиш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА