Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани адлия бўлимига фуқаро С.К. мурожаат қилиб, иш ставкасини тиклашга амалий ёрдам беришни сўради.

–Мурожаатни ўрганиш давомида Беруний тумани спорт мактаби директори томонидан ходим С.К.нинг 1 ставка методист лавозими унинг розилигисиз олдин 0,75 ставкага, кейинчалик эса 0,5 ставкага камайтирилганлиги, бу билан ходим 15 миллион 500 минг 529 сўм иш ҳақидан ғайриқонуний равишда маҳрум бўлганлиги аниқланди, – дейди Беруний тумани адлия бўлими Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими етакчи маслаҳатчиси, 3-даражали юрист В.Тураниязов. – Жорий йилнинг 30 апрел кунига қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 187-моддасида ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ёки меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги натижасида ходимга етказилган ҳар қандай зарарни (шу жумладан, маънавий зарарни) иш берувчи, башарти ушбу Кодексда бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ ҳажмда тўлаши, 188-моддасида ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилган барча ҳолларда ололмай қолган иш ҳақини иш берувчи унга тўлаши шартлиги белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан фуқаро С.К.нинг манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига даъво ариза кититилди. Суднинг 2023 йил 18 майдаги ҳал қилув қарори билан ходимнинг иш ставкаси тикланиб, унинг фойдасига 15 миллион 500 минг 529 сўм иш ҳақи ва маънавий зарар учун 3 миллион сўм пул маблағи ундирилиши белгиланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА