Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июндаги “2023 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Оролбўйида ғалла ўрим-йиғим ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Жорий йилда 59 минг гектар ғалла майдонини қисқа муддатларда нес-нобуд қилмасдан, ўриб-йиғиб олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ҳудуднинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда 12 июнь – 1 июль кунлари оралиғида ўриб-йиғиб олиш, ўрилган донни ташиш ҳамда далаларни сомондан тозалаш ишлари учун талаб этиладиган 42,4 миллиард сўм маблағнинг ҳисоб-китоби ишлаб чиқилган.

Ушбу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида 170  отряд ташкил этилди. Уларга 170 дона дон ўриш комбайни, 510 дона юк автомобили, 495 нафар масъул ходим бириктирилди.

Бундан ташқари, дон корхоналарининг 16 дон қабул қилиш шохобчасига тегишли 20 дона электрон ўлчов тарозиси,  210,7 минг тонналик дон сақлаш сиғими, 46 минг тонналик вақтинчалик дон сақлаш айвони, 27,6 минг квадрат метр асфальт майдончасидан фойдаланилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори билан тасдиқланган дислокация асосида ҳудуддаги 5та дон корхонаси ва Уруғчилик маркази тизимидаги “Nukus best seeds” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда жами 130 минг тонна бошоқли дон экинини қабул қилиш режа қилинмоқда.

Туманларда ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича тегишли соҳа ва туман сектор раҳбарлари, деҳқон фермер ва кластер корхоналари иштирокида кўргазмали семинар ўтказилди. Бугунги кунга келиб барча туманларда ўриб-йиғиб олиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Жумладан, ўтган куни 220 дона комбайн қатнашиб, ўрта ҳисобда  ҳар бирига 60,5 тоннадан тўғри келмоқда. Шу кунгача 12 минг 936 гектар майдонда ўрим-йиғим ишлари амалга оширилди ва ҳудудий дон корхоналарига 35 минг 609 тонна дон топширилди.

Нукус туманида 290  фермер хўжалиги томонидан 6 минг 300 гектар майдондан  12 минг 760 тонна буғдой ҳосили етиштириш режалаштирилган. Ҳосилни ўриб-йиғиб олиш ишлари отрядлар усулида ташкил қилиниб, мавсум юмушларига 65 комбайн ҳамда  дон ташувчи техника жалб этилган. Етиштирилган ғаллани сотиш эркин бозор нархларида амалга оширилиши, фермерларга ўз ихтиёрида қолган ҳосилни биржа савдоларига қўйиш имконияти яратилганлиги асосий омил бўлмоқда. Миришкор деҳқонлар томонидан, ҳосилни исроф қилмасдан, ўз вақтида ўриб-йиғиб олишнинг барча чоралари кўрилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА